Жапаров Ташиевни алоҳида қўриқловга олишга буйруқ берди
Олам
−
19:23 11488 3 дақиқа
Истеъфога чиқарилганига қарамай, Қамчибек Ташиевнинг давлат томонидан қўриқланади. Бу ҳақда Президент ҳузуридаги Давлат хавфсизлик хизмати раиси Сирғак Бердиқожоев маълум қилди.
Бердиқожоев ижтимоий тармоқларда Қамчибек Ташиевнинг хавфсизлиги бўйича фуқаролар томонидан билдирилаётган хавотирларга изоҳ берган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот марказининг Сирғак Бердиқожоевга таяниб маълум қилишича, бу масала тегишли давлат органлари томонидан кўриб чиқилмоқда.
“Президент Садир Жапаров томонидан зарур топшириқлар берилди. Қамчибек Ташиев илгари қўриқланадиган шахс бўлган ва бундан кейин ҳам белгиланган тартибда шахсий қўриқлаш чоралари таъминланади”, дейди хизмат раҳбари.
Айни вақтда Қамчибек Ташиев Германияда бўлиб турибди. У истеъфоси ҳақидаги хабарни ўша ерда эшитган ва ҳатто шахсий таркиб билан хайрлашиб, уларга миннатдорчилик билдириш имконияти берилмаганидан нолиди.
Ташиев ифтеъфоси
Эслатиб ўтамиз, кеча, 11 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини "жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик" истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди ва Тўққизинчи хизмат негизида тўғридан-тўғри президентга бўйсунадиган янги Давлат қўриқлаш хизмати ташкил этилди. Давлат қўриқлаш хизмати раиси этиб Сирғак Бердиқожоев тайинланди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси