“Ҳаммаси ўз ҳолича қолади”. Жапаровнинг сўзлари рад этилди

Олам

image

Қирғизистонда русча номга эга қишлоқларни қайта номлаш режалаштирилаётгани ҳақидаги хабарлар рад этилди. Бу ҳақда мамлакат Президенти Садир Жапаровнинг матбуот котиби Аскат Алагозов маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳозирги кунда рус тилидаги номларга эга қишлоқларни ўзгартириш масаласи кун тартибида йўқ. Муҳокама қилинган масала эса бутунлай бошқа – аҳоли пунктларига аниқ шахслар номини беришни тақиқлаш бўйича таклиф бўлган ва бу ҳам фақат лойиҳа даражасида.

Матбуот котибининг тушунтиришича, 13 апрель куни Президентнинг маҳаллий аҳоли билан учрашуви вақтида бир фуқаро қишлоққа тарихий шахс номини беришни таклиф қилган. Шу таклифга жавобан Президент давлат даражасида аҳоли пунктларига одамлар номини беришни тақиқлаш (мораторий жорий этиш) масаласи кўриб чиқилаётганини айтган, яъни гап русча номларни ўзгартириш ҳақида эмас, балки умуман одамлар номини бериш амалиётини чеклаш ҳақида бўлган.

Аввалроқ, айрим ОАВлар Жапаров гўёки русча номдаги қишлоқларни қайта номлаш режалари ҳақида гапирганини ёзганди. Ҳатто бу иш келаси йилда якунланади деган иқтибос ҳам келтирилган, бироқ кейинчалик бу хабар ўчириб ташланган. Президент расмий сайтида эса бундай баёнот умуман берилмаган.

Шу билан бирга, Қирғизистонда аҳоли пунктлари номи масаласи илгари ҳам кўтарилган. 2011 йилда давлат тили бўйича миллий комиссия кўплаб қишлоқлар маҳаллий тарих ва халқ билан боғлиқ бўлмаган шахслар номи билан аталганини танқид қилган.

2022 йилда эса парламентда Бишкек шаҳридаги русча номли туманларни қайта номлаш таклиф қилинган.

Шунингдек, 2025 йил бошларида Жапаров бир нечта қишлоқлар номини ўзгартириш тўғрисидаги қонунни имзолаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров эндиликда қишлоқ ва овул округларига шахслар номини бермаслик тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Садир Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг