ЖАРдаги даҳшатли “авария”да 13 ўқувчи ҳалок бўлди
Олам
−
19 Январь 3931 2 дақиқа
Бугун, 19 январь куни эрталаб Жанубий Африканинг Йоханнесбург шаҳрида мактаб ўқувчиларини олиб кетаётган микроавтобус юк машинаси билан тўқнашиб кетди. Бу ҳақда “iOL” хабар берди.
Қайд этилишича, фожиали ҳодиса автобус ўқувчиларни мактабга олиб кетаётган вақтда содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, мактаб транспорти ҳайдовчиси тахминан тўртта автомобилни қувиб ўтишга уринган ва қарама-қарши йўналишда келаётган юк машинаси билан тўқнашиб кетган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 13 нафар ўқувчи ҳалок бўлган. Ўқувчиларнинг 11 нафари воқеа жойида вафот этган, яна бир бола эса олган оғир жароҳатлари сабаб шифохонада ҳаётдан кўз юмган. Шунингдек, яна 5 нафар ўқувчи оғир тан жароҳатлари билан шошилинч равишда тиббиёт муассасасига ётқизилган. Полиция ҳодиса юзасидан тўлиқ тергов ишларини бошлаган.
Мамлакат Президент Сирил Рамафоса ўқувчиларнинг вафоти уни чуқур қайғуга солганини билдириб, бу воқеани оилалар, мактаблар ва бутун мамлакат учун оғир йўқотиш деб атаган.
“Фарзандларимиз – миллатимизнинг энг бебаҳо бойлигидир. Биз йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишдан тортиб, мактаб транспорти хизматлари сифатини таъминлаш ва уларнинг жавобгарлигини кучайтиришгача бўлган барча чораларни кўриб, ўқувчиларнинг ҳаётини ҳимоя қилишимиз шарт”, дейди Рамафоса.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Ақтау шаҳридан 50 нафар йўловчини олиб кетаётган автобус иштирокида йўл-траспорт ҳодисаси содир бўлганди. Ҳодиса оқибатида 4 нафар йўловчи ҳалок бўлган.
Live
Барчаси