Женевада илк келишув: Эрон ва АҚШ “йўл харитаси”га рози бўлди
Олам
−
20:48 770 2 дақиқа
Женевада ўтган навбатдаги билвосита музокараларда Эрон ва АҚШ ядровий масала бўйича асосий “йўл кўрсатувчи тамойиллар” юзасидан умумий келишувга эришди. Бу ҳақда бугун, 17 февраль куни музокаралардан сўнг Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи маълум қилди.
Ароқчи “янги имконият ойнаси очилгани”ни таъкидлар экан, бу ҳали якуний битим имзоланганини англатмаслигини ҳам қайд этган. Кейинги босқичда ҳужжатлар алмашилади ва учинчи раунд санаси белгиланади. Музокаралар Уммон воситачилигида ўтмоқда.
Шу билан бирга, вазият ҳануз таранг. Вашингтон минтақада ҳарбий кучларини оширган, Теҳрон эса Ҳормуз бўғозининг айрим қисмларини вақтинча ёпиш орқали машқлар ўтказаётганини маълум қилган. Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий АҚШнинг босими ҳукуматни ағдаришга олиб келмаслигини билдирган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп эса дипломатияни афзал кўришини айтган бўлса-да, келишувга эришилмаса “оқибатлар бўлиши”ни яна бир бор эслатган. Шу фон ортида нефть нархи пасайган, бозорлар яқин фурсатдаги кескин узилиш хавфи юмшаганини билдирган.
Теҳрон санкциялар бекор қилиниши эвазига ядровий дастур бўйича чекловларни муҳокама қилишга тайёрлигини билдирмоқда, аммо уран бойитишни тўлиқ тўхтатиш ёки ракета дастурини муҳокама қилишни рад этмоқда. Вашингтон эса кенгроқ келишув тарафдори.
Ҳозирча музлар тўлиқ эригани йўқ. Бироқ Женевадаги мулоқотлар узоқ йиллик қарама-қаршиликда эҳтимолий бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ҳормуз бўғози ҳудудида ҳарбий-денгиз машқларини бошлагани хабар қилинганди. Машғулотлар денгиз кучларининг “эҳтимолий ҳарбий ва хавфсизлик таҳдидларига” тайёргарлигини баҳолаш мақсадида ташкил этилган.
Live
Барчаси