Ҳурларга қуллик даъвоси, Зеленскийни қутлаган Мирзиёев, Нетаняхуга мушт урган Эрдўған, Трампнинг Ғазо учун сирли режаси – фитналарга тўла ҳафта
Таҳлил
−
30 Август 9946 16 дақиқа
Ўзбекистон Мустақиллигининг 34 йиллигини нишонламоқда. Айни вақтда мамлакат Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкор сифатида кўрилмоқда. Республика аҳолиси 38 миллиондан ошди, йил якунида ялпи ички маҳсулот 130 миллиардга етиши кутилмоқда. Олтин-валюта захираси тарихда илк бор 48 миллиард доллардан ошди. Иқтисод 6 фоиздан юқори суръатларда барқарор ўсаётганини айтмоқда таҳлилчилар. Айни вазиятда бизга совет иттифоқини, мустамлакани, истибдодни эслатгувчилар, гўё ҳаддимиздан ошаётганимизга шама қилгувчилар кўп ва хўп топиляпти. Хур республиканинг одамларини қулга тенг қиляпти. Ҳафта воқеаларининг навбатдаги сони эътиборингиз марказида ва бугун сизни, бизни қийнаган масалалардан тортиб, ҳафта давомида содир бўлган воқеаларгача атрофлича кўриб чиқамиз.
Мирзиёев Зеленскийни табриклади. Россия ТИВ бунга муносабат билдирди
Шу кунларда эски совет мамлакатларининг барчасида истибдодга барҳам берилган кун, хурлик куни, ўз тупроғига, тилига, динига, қадриятларига, тарихига, ғурурига эгалик кун – Мустақиллик байрами нишонланмоқда. 24 август куни Украинада бу байрам учинчи йил Путин Россиясининг босқини давом этаётган паллада нишонланди. Байрам муносабати билан расмий Киевга дунёнинг кўплаб мамлакатларидан табрикномалар келди. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев йўллаган мактуб ҳам бор эди.
Ҳа, Президент Мирзиёев Украинага Мустақиллик куни муносабати билан биринчи марта табрик йўлламаётгани аниқ. Аммо анъанага кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайтида ёки унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида эмас, балки Владимир Зеленскийнинг X тармоғидаги саҳифасида эълон қилинди. 2022 йилда – Россия Украина ҳудудларига бостириб кирган йилда ҳам шундай бўлганди. Ўшанда ҳам Президент Шавкат Мирзиёев Зеленскийни табриклаган, аммо бу табрик хати Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси сайтида эълон қилинган.
“Украинанинг миллий байрами — Мустақиллик куни муносабати билан сизни ва бутун Украина халқини самимий муборакбод этаман. Ишончим комилки, давлатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва узоқ муддатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган алоқалар келгусида ҳам халқларимиз умумий манфаатлари йўлида ривожланиб бораверади. Фурсатдан фойдаланиб, сизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар, украин халқига эса тинчлик-омонлик ва фаровонлик тилаб қоламан”, дейилади табрикда.

Зеленский эса Мирзиёевнинг қутловига: “Ишончим комилки, давлатларимиз бундан буён ҳам Украина ва Ўзбекистоннинг дўстлиги фаровонлиги йўлида самарали ҳамкорликни ривожлантириб, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаб бораверади. Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва украиналик болаларнинг Ўзбекистонда ҳордиқ чиқариши бўйича инсонпарварлик ташаббуслари бўйича позициянгизни юқори баҳолайман”, дея жавоб қайтарди.
Ўзбекистон Қрим аннексиясини тан олмайди. Қолаверса, 2022 йилнинг 24 февралида Украинага ҳужум қилиниши, Луганск ва Донецкни эгаллаб олиши ортидан ўша йилнинг 17 март куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида чиқиш қилган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкент ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикасини тан олмаслиги, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини эса қўллаб-қувватлашини билдирган эди. Шундан сўнг, Комиловнинг хорижда даволанаётганига оид хабар чиқди, Сенатдаги йиғилишдан нақ 40 кун ўтиб, 1994 йилдан 2003 йилгача ва 2012 йилдан 2022 йилгача икки марта Ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаган Комилов ишдан кетди.
Бундай ҳолатлар бошқа постсовет республикаларини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Қаердаки, Россияни босқинчи деб аталса, қаердаки Украинанинг ҳудудий яхлитлиги эътироф этилса, ўша ерда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳодисалар содир бўлди.
Хуллас, Президент Мирзиёевнинг Киевга табрик йўллаши, қолаверса, Москвада муносабатсиз қолмади. Шунингдек, “Ўзбекистон, Озарбайжон ва Европа: умумий тараққиёт йўлида ҳамкорлик” мавзусида 18 август куни бўлиб ўтган юқори даражадаги учрашув иштирокчиларига йўллаган мурожаатида Озарбайжон Марказий Осиё ва Европани боғлашда стратегик кўприк вазифасини бажариб келаётгани ҳақидаги гаплари ҳам Москвада муносабатсиз қолмади. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг анъанавий брифингларида вазирлик корчалони Мария Захарова гўё Мирзиёевнинг мурожаати ва Зеленскийга табриги хусусида саволга тутилди.
“Ўзбекистон Республикаси суверен давлат эканини эслатиб ўтмоқчиман. У бошқа масалалар қатори яқин ва узоқ қўшнилар билан яхши қўшничилик ва конструктив муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсатини мустақил белгилайди ва олиб боради”, деди дипломат.
Захарова Россия Ўзбекистон билан алоқаларини, жумладан, МДҲ, ШҲТ, БМТ ва ЕОИИдаги ҳамкорликни қадрлашини қўшимча қилган. Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар дўстона ва ўзаро манфаатли, шунингдек, ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик мақоми ва характерига эга.
Очиғини айтсам, мен бу савол брифингда шунчаки янграганига ишонмайман. Чунки бир мустақил давлат раҳбарининг бошқа мустақил давлат Президентини мустақиллик куни билан табриклашини, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ва бу бўйича ўтказилган тадбирга йўлланган мурожаат матнини саволга тутиш кимнинг ҳаддди бўлди? Қайси фаросатли журналист бу саволни берган? Уларга нима? Шукрки, Ўзбекистоннинг ишларига бурнини суқиб турадиган Захарова бу сафар бу республика аллақачон мустақиллигини ва истаган давлати билан истаганича ҳамкорлик қилиши мумкинлигини унутмабди. Унутмабдику-я, лекин Захарованинг бундай ҳадсизликларига кўп гувоҳ бўлганмиз, навбатдагиси ҳам ўзини узоқ куттирмаса керак.
Россияда ўзбек йигити ҳақоратланди
Россияда ўзбек йигити “Сен русларнинг қулисан”, дея ҳақоратланди. Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда ўтган ҳафта охирида тарқалиб, бу ҳафта ҳам долзарблигини йўқотмади.
Ҳодиса Москва вилоятининг Химки шаҳрида жойлашган “Солнечная система” номли тураржой мажмуасида содир бўлгани аниқланди. Бизгача етиб келган маълумотларга кўра, рўзғор, бола-чақа қайғусида Россияга бориб, такси фаолияти билан шуғулланаётган ўзбекистонлик Бахтиёр исмли ҳайдовчини ҳақоратлаётган шахс рус миллатига мансуб бўлиб, жанжал чиқарган вақтида спиртли ичимлик таъсирида бўлган ва уй олдида тўхтаб, йўловчисини тушираётган такси ҳайдовчисини ҳақоратлай кетган. Ҳайдовчи эса унинг провакацияси қурбони бўлишни хоҳламай, унга босиқлик билан жавоб қайтарган. Маст эркак эса аввалига ўзининг Россиянинг Украинага босқинини хастпўшловчи “махсус ҳарбий операция” иштирокчиси эканини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатган, бу гўё менга ҳамма нарса мумкин, дегандек. Бу ҳам етмагандек, ёнидан пичоқ чиқариб, ҳайдовчига ўқталган. Видеода ҳайдовчи босиқлик билан “пичоғингни ол” деяётганини эшитиш мумкин.
Мазкур ҳолат бўйича Ташқи ишлар вазирлиги, Миграция агентлиги ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ. Ўзбекистоннинг қайси бир бурчагидаги мактабда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида чиққан келишмовчиликка бурнини тиқиб турадиган Захарова, ўз халқининг бошқа халқларга нисбатан миллатчилиги, адабсизлиги ва қонунсиз хатти-ҳаракатларига келганда мум тишлаб турибди.
Ҳафта ўртасида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали мулоқот қилган Бахтиёр Саидов ҳам мавқедошининг олдига ушбу масалани кўндаланг қўёлмади.
QALAMPIR.UZ ҳафта бошида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов билан боғланиб, шу бўйича изоҳ сўради. Ўша кунларда Бурҳоновнинг билдиришича, видеодаги эркакнинг Ўзбекистон фуқароси экани расман тасдиғи топмаган ва Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналарига ёки ҳуқуқ-тартибот органларига ҳеч қандай шикоят келиб тушмаган.
Орадан кўп ўтмай, Ташқи ишлар вазирлиги баёнот билан чиқиб, Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъи назар давлат ҳимоясида эканини эслатди.
“Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Конституцияси, миллий қонунлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормаларига асосан, Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъи назар давлат ҳимоясида эканини таъкидлайди.
Агар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ёки қадр-қиммати хорижда бузилса, улар дарҳол қабул қилувчи давлатнинг ваколатли ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишлари зарур. Шунингдек, фуқаролар Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига ҳуқуқий ва консуллик ёрдами сўраб мурожаат қилиши мумкин”, деди ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов.
ТИВ, Миграция агентлиги, Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари видеода ҳақоратланган шахс кимлиги, қайси мамлакат фуқароси эканини аниқлай олмаган бўлса-да, фаоллар жонбозлик кўрсатиб, уни топишга, Ўзбекистон фуқароси эканини тасдиқлашга ва ҳатто исмини Бахтиёр деб таништирган ўзбекистонликдан интервью олишга ҳам эришди.
Бу Россияда мигрантларнинг биринчи марта ҳақорат ва таҳқирлашга учраши эмас. Бундан аввал ҳам бундан баттар ҳолатлар содир бўлган, содир бўлганда ҳам айнан давлатнинг хавфсизлик кучлари томонидан мигрантларга ҳайвондек муносабат қилинган. Давлатнинг ўзи инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқларини поймол қилиб, одамлар чўмилаётган ҳаммомгача камера ва милтиқ билан кириб келаётгандан кейин одамлардан, яна ўзини босқинчиликни ҳарбий амалиёт тушунчаси билан ниқоблаётганлардан нима кутиш керак?
Мигрантлар, улар орқали бутун миллатга нисбатан бўлаётган ҳақорат ва таҳқирлов давлат томонидан жиддий қарорлар олиш, алоқаларни қайта кўриб чиқиш, муҳим масалаларда сигнал бериш вақти келганини англатмайдими? Албатта, катта эҳтимол билан провокация. Албатта, биз олдимизга қўйилаётган қопқонга тушишимиз хавфи ҳам йўқ эмас. Қулсан, деган ишонч билан айтилаётган ҳақоратнинг айнан мустақиллик куни арафасида янграши ҳам бежиз эмасдир, балки. Бу воқеа ортида ҳали биз билмаган нималар ва кимлар бор, бунисини Худо билади. Аммо билганим шу, миллат ўлароқ тикланиш, уйғаниш, юксалиш керак, нолишдан, ношукурликдан, диванда кимнидир ёмонлаб изоҳ ёзиб, умр ўтказишдан қутилиш керак.
Андижонда жанжал. ИИО ходими эса томошабин
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятининг Асака туманида бир гуруҳ шахслар жанжаллашаётгани ва унда икки эркакнинг жиддий жароҳат олгани, дўппослаётган шахслар атрофдагиларнинг қаршилиги ва насиҳат қилишига қарамай, ерда хушсиз ётган жабрланувчиларни қайта-қайта ураётгани, тепаётгани ва ушбу хатти-ҳаракатини видеога олаётгани акс этган тасвирлар тарқалди. Айни шу ҳолат содир бўлаётган вақтда эса атрофда Ички ишлар ходими формасидаги шахс ҳам бўлгани видеода акс этган, бироқ у зўравонларга қаршилик кўрсатмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси муносабат билдирди. Унда айтилишича, ушбу воқеа жорий йилнинг 8 июнь куни содир бўлган. Вилоятнинг Асака туманида яшовчи 2001 йилда туғилган йигит тонгги соат 4:30 ларда Асака тумани, Қадрият маҳалласи ҳудудида фуқароларнинг тинчини бузиб, 2003 ва 2002 йилда туғилган шериклари билан 2004 йилда туғилган йигитни ўзаро келишмовчилик ортидан уриб, дўппослаб, унга енгил тан жароҳати, 1997 йилда туғилган яна бир фуқарога эса ўртача оғир тан жароҳати етказган. Аммо видеодан кўринадики, ерда ётган йигитларнинг жароҳати баёнотда айтилганидек, енгил ва ўрта даражадаги жароҳатлар эмас ва айнан баёнотнинг шу қисми кишида шубҳа уйғотади. Чунки йигитлар томонидан дўппосланганлар қонга беланган, камига хушини йўқотган, муштумзўрлар шу аҳволдаги одамни ҳам уряпти, теяпти, уларни истаган кўйига соляпти.
Ушбу ҳолат ортидан шу куннинг ўзида фуқаролар уч зўравонга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчиларга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тамомланиб, жорий йилнинг 8 июль куни айблов хулосаси билан суд муҳокамасига юборилган. Жиноят ишлари бўйича Асака тумани суди томонидан 27 август куни судланувчиларнинг ҳар бирига нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Бор-йўғи озодликни чеклаш! Биласизми, бу нима дегани? Бировни ваҳшийларча дўппослашнинг бадали бор йўғи муайян вақтлардагина кўчага чиқиш, масалан тунги соат 10 дан кейин уйдан чиқмасликни англатади.
Бироқ, вилоят Ички ишлар бошқармаси зўравонлик содир этилаётган вақтда Ички ишлар ходими нима учун қўл қовуштириб тургани, нега қаршилик кўрсатмагани ва унга бу бепарволиги учун қандай чора кўрилганига аниқлик киритмаган. QALAMPIR.UZ бу масалага эътибор қаратса-да, Ички ишлар вазирлигидан ҳам, вилоят ички ишлар бошқармасидан ҳам садо чиққани йўқ.
Жиззахда эркак фарзандларини аёвсиз дўппослади
Ўзбекистонда йилига қарийб 1 миллион бола туғиляпти. Болажон халқмиз, бировнинг боласига ҳам қучоқ очиб, бошини силаган халқ эдик. Аммо бугун болаларга кўрсатаётган зулмимиз, ўз боламизни ўласи қилиб калтаклашда ҳам пешқадаммиз. Ҳеч қайси мамлакатда оммавий ахборот воситалари ота-она оилавий можаролар, ижтимоий ҳаётдаги йўқчиликнинг аламини боладан олаётгани, уни дўппослаётгани ҳақида ўзбекистондаги медиалар каби кўп хабар эълон қилмайди. Нега, биласизми? Чунки уларда фарзанд биздаги каби ўйинчоқ эмас, чунки бола қариндош-уруғ, маҳалла-кўй олдида юзни ёруғ қиладиган восита эмас, чунки бола ўлим тўшагида ётган бувининг шу набирамнинг ҳам боласини кўрай деган орзу-ҳавас эмас, чунки бола ота-она жанжалида ундан-бунга оширилиб, сарсон қилинадиган футбол тўпи эмас. Бола масъулият, бола мажбурият, бола ҳуқуқ дегани. Агар болага биздагидек муносабат бошқа мамлакатларда бўлса борми, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳам, панжара ортига ташлаш ҳам қолмайди. Бизда-чи? Максимум тушунтириш ишлари олиб борилади. Ё бирор ота-она боласини ногирон қиладиган даражада дўппослагани учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганини сиз эшитдингизми? Мен эшитмадим. Лекин боласини аёвсиз калтаклаётган маразлар ҳақида кунда-кунора эшитаман.
Ижтимоий тармоқда ота вояга етмаган қизини ваҳшийларча ураётгани, тепаётгани акс этган видеони кўрганимдан буён ўзимни босолмайман. Қизнинг дод солиб, бўлди, деб ёлворишига қарамай, отанинг оёғи гоҳ унинг бошига тушяпти, гоҳ биқинига. Камига шалоқ оғзи билан қизни тинмай ҳақорат қиляпти. Видеони кўриб, бунақаларни ҳам ер кўтариб юрибди-да, деб юборасан киши.
Аниқланишича, ҳолат Жиззах вилоятида содир бўлган. QALAMPIR.UZ воқеа ҳақида бонг уриб, видеони ва мавжуд маълумотларни Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакилига ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига етказди. Зудлик билан отага нисбатан қатъий чора кўрилиши ҳамда болаларни хавфсиз муҳитга олиниши, уларга зарур психологик, ижтимоий кўмак кўрсатилиши бўйича ички ишлар органлари ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ҳаракат бошланди. Жиззах вилояти ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Болалар оилавий болалар уйига жойлаштирилди ва давлат ҳимоясига олинди.
Эркак болаларга ушбу зўравонликни турмуш ўртоғи хорижда ишлаётгани сабабли қилган бўлиб чиқди ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги айни вақтда болаларнинг онасини Ўзбекистонга қайтариш чораларини кўрмоқда.
Ғазода геноцид давом этмоқда
Аллақачон дунё низомини бошқаролмай, таъсирсиз ташкилотга айланиб қолган, Украинага босқин учун Россиядан ҳисоб сўролмаган, Ғазодаги қирғинни томошабин бўлиб кузатаётган, Мьянма мусулмонларнинг қони оқишига баёнот беришдан бошқасига ярамаган, 8 миллиард аҳолининг тақдирини бир ҳовуч ўлканинг қош-қовоғига қараб ҳал қилаётган БМТдан умид кун сайин кесиляпти. Шунга қарамай, ташкилот баландпарвоз баёнотларда давом этмоқда.
Ташкилотнинг 500 дан ортиқ ходими Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ва Бош котиб Антониу Гутерришга мурожаат қилиб, Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини “геноцид” деб тан олишни талаб қилди. Мурожаатда урушнинг кўлами ва шафқатсизлиги халқаро ҳуқуқда белгиланган “геноцид” таърифига тўлиқ мос келиши айтилган.
Мурожаатчиларнинг огоҳлантиришича, БМТнинг “кўзларини юмиб”, бамайлихотир сукут сақлаши ташкилот обрўсини баттар йўқотиши мумкин. Ходимлар Шарқий Африкада жойлашган Руанда мамлакатидаги 1994 йилги воқеаларни хотирлаб, ўша пайтда ҳам “геноцид” содир бўлгани, лекин БМТнинг ҳаракатсиз қолганини эслаган. Кўряпсизми, БМТдан ҳатто ўз ходимлари ҳам норози. Лекин ташкилот мағрур. Ҳеч балони ҳам эплолмаса-да, ўзининг 80-шонли Бош Ассамблея йиғилишига ҳозирлик кўрмоқда.
Хўш, БМТ ходимларининг Ғазодаги ҳаракатларни “геноцид” деб тан олиш таклифига нисбатан қандай жавоб берилганига тўхталайми? Ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш таклифни қўллаб-қувватлаган, аммо расмий равишда “геноцид” деб аташ фақат Халқаро суд ваколатида эканини айтган.
Бу орада вазиятдан хабардор бўлган Исроил ходимларнинг даъвосини рад этиб, уларни доимгидек “асоссиз айбловлар” деб атаган. Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат “ўзини ҳимоя қилаётгани”ни билдирган.
Бир нечта ташкилот ва БМТнинг мустақил экспертлари Исроил тажовузини аллақачон “геноцид” деб атаган, аммо БМТ расмий равишда бу сўзни ишлатмаяпти. Жанубий Африка томонидан Халқаро судга киритилган даъво эса ҳалигача кўриб чиқилмаган.
Халқаро ташкилот Исроилнинг Ғазодаги тўхтамаётган ҳаракатларини “геноцид” дейишга тили бормаётган бир вақтда, ҳудуд очлик ва ўлим исканжасида қолган. Ёш болаларнинг ўлими соат сайин ошиб бормоқда. Минтақавий ва халқаро ташкилотлар эса Исроилни турли баёнотлар билан айблай оляпти, холос.
2023 йил 7 октябрдан бери Исроилнинг халқаро ҳуқуққа зид ҳужумлари оқибатида Ғазода 63 025 киши ҳалок бўлди, асосан, аёллар ва болалар қурбон бўлган, 159 490 киши яраланган. Исроил блокадаси ва Ғазо секторига уюштирилган ҳужумлар сабаб очарчилик фаластинликларнинг ҳаётига зомин бўлишда давом этмоқда. Очликдан ўлганлар сони 322 кишига етди, улардан 121 нафари болалар.
АҚШ Президенти Дональд Трамп эса 27 август куни Оқ уйда Ғазо бўйича сирли йиғилиш ўтказди. Унда уруш ва урушдан кейинги режалар муҳокама қилинган. Йиғилишда Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр ва Трампнинг куёви, Яқин Шарқ бўйича собиқ вакил Жаред Кушнер ҳам қатнашган.
Трамп Оқ уйнинг етакчи мансабдорлари, Блэр ва Кушнер билан озиқ-овқат ёрдамини кучайтириш режаси, урушдан кейинги масалалар ва бошқа мавзуларни муҳокама қилган.
Кушнер Трампнинг қизи – Иванкага уйланган ва Трампнинг биринчи президентлик муддатида Яқин Шарқ бўйича асосий маслаҳатчиси бўлган. Блэр эса 2003 йилги Ироқ уруши вақтида Британия бош вазири бўлиб, шу позицияси учун кенг танқидга учраган.
Трамп сайловолди кампаниясида Ғазодаги урушни тез тугатишга ваъда берган эди, бироқ президентликнинг иккинчи муддатидан етти ой ўтиб ҳам бу масала ҳал этилмади. Унинг янги муддати икки ойлик отишмалар тўхташи билан бошланган, аммо 18 март куни Исроил зарбаларида тахминан 400 фаластинлик ҳалок бўлгач, келишув бузилган.
Исроил ОАВ хабарига кўра, Исроилнинг стратегик ишлар вазири Рон Дермер ҳам шу ҳафта Вашингтонда бўлган. У Кушнер ва Блэр билан яқин алоқаларга эга. Шу боис, Трамп маъмурияти Исроил бўйича қандай режа тузаётгани, унинг оқибатлари қандай бўлиши, ҳозирча номаълум. Илгари сурилаётган бирламчи тахминга кўра, Исроил ҳужумидан кейинги режа Ғазони қайта қуриш, фаластинликларни ерларидан чиқишлари учун пул тўлаш режасини ўз ичига олади.
Туркия эса Исроилнинг ҳаракатларини фақат қоралашдан бир поғона ошиб, амалий ишга ўтди. Мамлакат Исроил билан барча иқтисодий ва савдо муносабатларини тўхтатди ҳамда ўз ҳаво ҳудудини Исроил самолётлари учун ёпди.
Туркия парламентининг 29 август куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари, “геноцид” , Фаластин халқига зулм, очарчилик сиёсати ва минтақадаги мавжуд вазият муҳокама қилиниб, Исроилнинг узоқ йиллик Фаластин халқини босиб олиш, йўқ қилиш ва қўшиб олиш сиёсати сўнгги икки йил ичида, хусусан, Ғазо секторида геноцидга айлангани қораланди.
Парламент томонидан қабул қилинган резолюция матнида Фаластин ҳудудларида геноцид ва мустамлакачилик жиноятларини содир этганларни жавобгарликка тортишга чақирилган. 1967 йилги чегаралар доирасида географик жиҳатдан бирлашган, мустақил ва суверен Фаластин давлатини барпо этиш адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришишнинг ягона йўли экани эътироф этилган. Сионистик режим томонидан мусулмонларнинг муқаддас қадамжолари, жумладан, Ал-Ақсо масжидига қарши уюштирилган ҳужум ва фитналарга чек қўйиш зарурлиги таъкидланган. Халқаро ҳамжамият Исроил ҳукумати геноцид сиёсатидан воз кечмагунча БМТ ва халқаро ташкилотларга аъзоликни тўхтатиб туришга чақирилган.
Бундан ташқари, резолюцияда барча мамлакатлар парламентларини Исроил билан ҳар қандай ҳарбий ва савдо алоқаларини тўхтатиш, Фаластин халқига қўйилган эмбаргони бекор қилиш учун шошилинч чоралар кўриш, Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги геноцид ва мустамлакачилик сиёсатини рад этиш ва қоралаш, Фаластин халқининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, икки давлат ечими истиқболини сақлаб қолишга чақирилган.
Тошкентда ҳам Фаластин масаласи кўтарилди. Ўзбекистон раҳбари Ғазодаги қирғин, Фаластин халқига етказилаётган азият, Ал-Ақсо масжидига ҳужумларга бефарқ эмас. Қирғин бошланибдики, Ўзбекистон Фаластин давлатининг ёнидалигини айтиб келади, бир неча бор ижтимоий ёрдам юклари юборилди, фаластинликлар олиб келинди, уларга ғамхўрлик кўрсатиш бўйича алоҳида ҳужжат қабул қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда ҳам Фаластин ҳақида гапиришни унутмади.
У Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари билан тасдиқланган ҳуқуққа, яъни ўзининг мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга эканини айтди.
Президент Ўзбекистон уруш ва офатлар вақтида оғир вазиятга тушиб қолган бегуноҳ инсонларга доимо беғараз ёрдам кўрсатиб келганини эслади. У меҳр-оқибатли ўзбек халқи фаластинликларга ёрдам кўрсатиш бўйича қабул қилинган фармонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишда фаол иштирок этишига ишонч билдирди.