Ҳакамларнинг Ўзбекистон кубоги финалидаги қарорлари текширилди
Спорт
−
30 Октябрь 14247 2 дақиқа
Кеча, 29 октябрь куни Андижондаги “Бобур Арена”да “Пахтакор” ва “Бухоро” жамоалари ўртасида Ўзбекистон кубоги финали бўлиб ўтди. Унда “Пахтакор” мамлакат кубогини қўлга киритди. Учрашувда юзага келган баҳсли қарорлар юзасидан Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази (ЎзФҲМ) изоҳ берди.
Хусусан, учрашувдаги баҳсли сариқ карточка бўйича ЎзФҲМ бош ҳакамнинг қарорига қўшилмади. Учрашувнинг 75-дақиқасида “Пахтакор” футболчиси Ресан Башар рақибга нисбатан қўпол тарзда ўйнади. VAR аралашувидан сўнг бош ҳакам Найим Қосимов эпизодни қайта кўриб чиқди, бироқ ўз қарорини ўзгартирмай, футболчига сариқ карточка кўрсатиш билан чекланди. Эксперт ҳакамлар гуруҳи эса мазкур ҳолатда бош ҳакам Найим Қосимов “Пахтакор” футболчисига тўғридан тўғри қизил карточка кўрсатиши лозимлигини, унинг қарори нотўғри бўлганини маълум қилди.
Марказ Ўзбекистон кубоги финал учрашувининг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларда “Бухоро” жамоасининг ҳисобга олинмаган голи юзасидан ҳам изоҳ берди. Билдирилишича, VAR текшируви натижасига кўра, биринчи ҳолатда “Бухоро”нинг 93-рақамли футболчиси Марко Колакович офсайд ҳолатида бўлган, иккинчи вазиятда эса 22-рақамли футболчи Томо Табадатзе ҳам ўйиндан ташқари ҳолатда бўлгани сабали ушбу футболчилар ҳужум эпизодида фаол иштирок этгани деб ҳисобланиб, гол инобатга олинмаган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ўйинда Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси Ҳожимат Эркиновнинг ягона голи эвазига ғалаба қозониб, 14-марта мамлакат кубогини қўлга киритгани ҳақида хабар берилган эди.