Ҳар йили 1,4 млн одам антисанитария сабаб вафот этади – ЖССТ
Олам
−
20 Ноябрь 1066 2 дақиқа
Аҳолининг санитария, гигиенага риоя қилмаслиги ва тоза сувдан фойдаланмаслиги сабабли дунё миқёсида ҳар йили тахминан 1,4 миллион киши вафот этади. Бу ҳақда 19 ноябрь — “Жаҳон ҳожатхона” куни муносабати билан нашр қилинган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) баёнотида сўз боради.
Қайд этилишича, санитария инсон саломатлиги ва қадр-қиммати учун муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда 3,4 миллиард одам тозалик талабларига жавоб бермайдиган ҳожатхоналардан фойдаланади. Шу сабабдан ҳар йили 1,4 миллион одам сув, санитария ва гигиенага етарли даражада эътибор бермагани учун вафот этади. Бунинг катта қисми — ич кетиши (диарея) ва бошқа сув орқали юқадиган касалликлар сабаб юз беради. Ҳар куни беш ёшгача бўлган тахминан 1000 нафар бола гигиена ва санитария етишмаслигидан келиб чиқадиган касалликлардан ҳалок бўлади.
Иқлим ўзгариши бу муаммони оғирлаштирмоқда: тошқинлар ва қурғоқчилик санитария тизимларига зарар етказади ва сув манбаларини ифлослантиради, бу эса касалланиш сонини ортишига сабаб бўлади.
“Бу – аслида олдини олиш мумкин бўлган фожиа”, дейди ташкилот.
Ташкилотга кўра, ушбу муаммони қуйидаги 3 та усул билан ҳал қилиш мумкин. Хусусан:
давлатнинг барқарор инвестициялари,
кучли бошқарув,
аниқ ва ишончли маълумотлар.
“Жаҳон ҳожатхоналар куни” муносабати билан биз барча давлатларни тезроқ ҳаракат қилишга чақирамиз: келажакка мос ҳожатхоналар қуришга сармоя киритиш ва ҳар бир одам хавфсиз санитариядан фойдалана олишини таъминлаш керак. Бу билан биз касалликларнинг олдини оламиз ва инсон қадр-қимматини ҳимоя қиламиз”, дейди ЖССТ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ неврологик касалликлар дунё мамлакатларининг учдан биридан камроғи ҳар йили 11 миллион одамнинг ўлимига сабаб бўлаётгани маълум қилинганди.
Live
Барчаси