Ҳайкал ортидан кўча. Қирғизистон Лениндан воз кечмоқда

Олам

image

Қирғизистоннинг Ўш шаҳар кенгаши шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири Ленин кўчаси номини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.

Энди у буюк давлат арбоби Алимбек Курманжан Датка номи билан аталади.

Ҳокимлик матбуот хизмати хабарига кўра, тегишли қарор депутатларнинг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланган. Шаҳар кенгаши раиси бу қарорни “миллий ўзликни мустаҳкамлаш ва ўз тарихига ҳурматни кучайтириш истагини акс эттирувчи тарихий қадам” деб атаган.

Алимбек Датка (1804-1862) – ХIХ асрнинг йирик қирғиз давлат ва ҳарбий арбоби, Қўқон хонлиги асосчиларидан бири.

У сарибағиш қабиласининг саёқ уруғидан чиққан. Алимбек Датка жанубий қирғиз ерларининг сиёсий жиҳатдан мустаҳкамланишида муҳим роль ўйнаган ва Фарғона водийси ҳукмдори бўлган оталиқ-бий лавозимини эгаллаган. Шунингдек, у Қўқон хонларидан биринчи бўлиб “датка” унвонини олди ва бу кейинчалик Курманжон Датканинг худди шундай тан олинишига асос бўлди. У Қўқондаги сарой фитнаси оқибатида ўлдирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойида Ўшнинг марказий майдонида Владимир Ленин ҳайкали демонтаж қилинган эди. Бир қатор ОАВлар бу ҳаракатни тарихга боғлаб, “дўстлик боғичининг узилиши” дея изоҳлаганди. Лениннинг ушбу ҳайкали Марказий Осиё ва бутун дунёдаги энг баланд ҳайкаллардан бири бўлиб, унинг баландлиги 25 метр эди. Ҳайкал 1975 йилда ўрнатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Ленин Ўш Қўқон хонлиги Алимбек Датка Ленин кўчаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг