Ҳижоб масаласи куч билан ҳал қилинмайди – Пезешкиён
Олам
−
11 Август 6985 3 дақиқа
Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён одамларни куч билан ҳижоб кийишга мажбурлаш мумкин эмаслигини айтди. Бу ҳақда Президент журналистларга берган интервьюсида сўз очди.
Унга кўра, ўтмишда куч ишлатиб, уларни ҳижобдан воз кечишга мажбурлашнинг имкони бўлмагани каби бу сиёсатдан фойдаланиш ҳам иш бермайди.
“Мен ишонаманки, одамларни мажбурлаб ҳижоб кийдириш мумкин эмас. Худди уларнинг бошидан ҳижобни мажбурлаб ечиш ҳам мумкин бўлмаганидай”, деган Пезешкиён.
Президент мамлакатда мажбурий ҳижоб масаласини куч ишлатиш ёки жанжал чиқариш йўли билан эмас, балки тушунтириш ва ишонтириш орқали ҳал қилишга чақирган. Шу билан бирга, у масжидларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаган ва ҳозирда Эронда 80 минг масжид борлигини, яъни ҳар минг аҳолига бир масжид тўғри келишини айтган.
Пезешкиён шахсий мисол сифатида қизини келтириб, унга қандай кийинишини буюра олмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, буйруқ ўрнига мулоқот қилиш керак, шунда инсон ҳижоб ўраш ғоясини қабул қилади ва унга амал қилади. Бу масалада қўпол муносабат диний қадриятлардан нафрат уйғотиши мумкинлигини қайд этган.
2024 йилнинг ноябрь ойи охирида Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Қолибоф ҳижоб кийиш қоидаларига оид янги қонун лойиҳаси 13 декабрь куни парламент муҳокамасига киритилишини айтган эди. Бироқ парламентда муҳокамадан икки ой ўтгач, Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши қонун лойиҳасидаги айрим тушунарсиз ибораларни аниқлаштириш мақсадида жараённи тўхтатишни сўради. Қолибофнинг айтишича, янги ҳижоб тўғрисидаги қонун ахлоқ полициясини бекор қилишни назарда тутади.
Эрон аёлларининг ҳижоб кийиш қоидаларига риоя этиши, хусусан, бошни тўлиқ ёпадиган рўмол тақиш мажбурияти масаласи аёллар ҳуқуқларига оид долзарб мавзуга айланган. Бу масала 2022 йилнинг кузида мамлакат бўйлаб тарқалган тартибсизликлардан кейин янада кескинлашди. Омавий норозиликлар сентябрь ўрталарида, ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан сўнг вафот этган Маҳса Амини воқеасидан кейин бошланди. Норозилар Аминининг ўлимида ҳукуматни айблади. Эронлик аёллар ижтимоий тармоқларда сочларини кесиб, ҳижобларини ёқаётган видеоларни оммавий тарқата бошлади.
Эрон ҳукумати эса тартибсизликларни Ғарб давлатлари қўллаб-қувватлаганини айтиб, уларни ўз ОАВлари орқали провокацион хабарлар тарқатганликда, шунингдек, аҳолини инқилоб ва ҳокимиятни ағдаришга чақирганликда айблади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари Ғарб давлатлари, Исроил ва Саудия Арабистони разведка хизматлари томонидан ёлланган шахсларни оммавий ҳибсга олди, шунингдек, мамлакат чегараларида тартибсизлик иштирокчиларига мўлжалланган катта ҳажмдаги қуролларни деярли ҳар куни мусодара қилиб борди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳижоб ўраш қоидаларига риоя қилинишини дронлар ва видеокузатув камералари ёрдамида назорат қилишни бошлагани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси