Ҳоким ҳокимни сийлади

Олам

image

Қирғизистонда Ўш шаҳар ҳокими Женишбек Токторбоев ўзаро тажриба алмашиш мақсадида жанубий пойтахтга келган Қоракўл шаҳар ҳокимлиги делегациясига автомашина совға қилди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.

Делегацияга бошчилик қилган Қоракўл шаҳар ҳокими Қанибек Адиевга 2025 йилда ишлаб чиқарилган янги электромобил калитлари топширилган.

“Қоракўллик меҳмонлар кутилмаган совғадан хурсанд бўлиб, шаҳар ҳокими Женишбек Токторбоевга миннатдорлик билдирди ва Ўш ҳокимлиги вакилларини Қоракўлга таклиф қилди”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, тажриба алмашиш учун келган қоракўллик гуруҳ Ўш шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги муниципал корхоналар фаолияти билан яқиндан танишади, ижтимоий-маданий объектларда бўлади.

17 сентябрь куни Президент Садир Жапаров Ўш шаҳар ҳокими Женишбек Токторбоевга хизмат автомашинасини совға қилганди. Очиқ манбаларга кўра, ҳокимга тақдим этилган расмий автомобиль Хитойда ишлаб чиқарилган, бозор қиймати 17-18 минг доллар бўлган LiXiang 19 моделидир. Ҳозирги курс бўйича бу тахминан 1 миллион 800 минг сомни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, автомобиль Президент Садир Жапаров Женишбек Токторбоевга “хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани” учун қаттиқ танбеҳ берганининг эртасига совға қилинди. Ҳокимни жазолаш учун фармойишга Президент Садир Жапаров имзо чеккан эди. Унга кўра, мамлакат Конституциясининг 71-моддаси, Президентнинг 2025 йил 4 июндаги 175-сонли “Сиёсий давлат лавозимлари, махсус давлат лавозимлари ва сиёсий муниципал лавозимлар тўғрисида”ги фармонининг 2-қисми 8-бандига мувофиқ, шунингдек, Қирғизистон Республикаси Меҳнат кодексининг 88-моддаси 1-қисми 3-банди билан одоб-ахлоқ қоидаларини бузган ҳолда ўз зиммасига юкланган вазифаларни тўғри бажармагани учун Женишбек Шермаматович Токторбоевга қаттиқ танбеҳ эълон қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўш Женишбек Токторбоев Қанибек Адиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг