“Ҳудудгазтаъминот” ярим триллион қарзи бўла туриб, “экология учун” 3 та электромобиль сотиб олди
Жамият
−
13 Январь 4299 1 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ катта миқдорда қарзи бўлишига қарамай, 3 та қимматбаҳо электромобилларни харид қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ташкилот ушбу “экологик тоза” автомобилларни Президент қарори асосида сотиб олингани бўйича расмий муносабат билдирди.
Тармоқларга тарқалган хабарларга кўра, ташкилот 1 млрд сўмдан ортиқ маблағга икки дона BYD ATTO 8 русумли ҳамда қарийб 400 млн сўмга BYD Song Plus автомобилларини харид қилган.
Расмий муносабатда маълум қилинишича, ушбу харид Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 443-сон қарори асосида амалга оширилган.
“Қарорга кўра, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар томонидан автотранспорт воситаларини бириктириш меъёрлари доирасида 2023–2025 йиллардаги мақсадли кўрсаткичлар бўйича электромобиллар ва гибрид автомобилларни харид қилишга рухсат берилган”, - дейилади хабарда.
Акциядорлик жамияти ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида хизмат машиналарини босқичма-босқич экологик тоза, “яшил” автомобилларга алмаштириш жараёнлари олиб борилаётганини маълум қилган.
МИБ маълумотларига кўра, ҳозирда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ нинг умумий қарзи 575 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этмоқда.
Live
Барчаси