Исломофобияни қоралаган Алиев, газ масаласига тўхталган Тўқаев, Президентларни бир жойга йиғган Тошкент – Туркий дайжест
Таҳлил
−
17 Ноябрь 2745 9 дақиқа
Тошкентдаги Президентлар учрашуви, унда нималар муҳокама қилинди? Президент Шавкат Мирзиёев қандай ташаббусларни илгари сурди? Алиев Ўзбекистон раҳбарини узоқ кўра оладиган сиёсатчи дея таърифлаган бўлса, Тўқаев газ транзити ҳажми оширилишини айтди. Туркий дунёда ҳафтанинг муҳим воқеалари билан дайжестимизнинг навбатдаги сони эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.
Тошкентдаги учрашув
Дам олиш кунлари Тошкент навбатдаги муҳим учрашувга мезбонлик қилди. 15 ноябрь куни меҳмонлар кутиб олинди ва улар билан учрашувлар бўлиб ўтди.
11-12 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан Россияда бўлган Тўқаев 14 ноябрь куни Ўзбекистонга келди. У янги қурилган “Тошкент Ҳумо” аэропортига қўнган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлди.
Тўқаевни Президент Мирзиёевнинг ўзи кутиб олди. Улар аэропортнинг ўзида суҳбат ўтказди. Унда Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шундан сўнг, давлат ташрифи билан келган Қозоғистон раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмон шарафига икки давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мадҳиялари янгради. Президентлар Қосим-Жомарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади.
15 ноябрь куни Кўксарой қароргоҳида Қозоғистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи юзасидан расмий тадбирлар бошланди. Тор доирадаги музокаралар давомида энергетика, транспорт, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ахборот технологиялари ва бошқа муҳим соҳаларда ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлараро алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Икки мамлакат ҳудудлари раҳбарларининг биринчи Кенгашини 2026 йилда Қозоғистонда ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишида қатор масалалар, жумладан ўзаро савдонинг барқарор ўсишини таъминлаш, унинг таркибини диверсификация қилиш ва бизнес учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Йил бошидан буён товар айирбошлаш 4 миллиард долларга етгани айтилиб, бу кўрсаткични 2030 йилгача 10 миллиардга етказиш мақсад қилингани таъкидланди.
Йиғилишдан кейин Президентлар йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этди. Хусусан, “Марказий Осиё” Халқаро саноат кооперацияси маркази ва “Тенге Банк”нинг Тошкентдаги янги бош офиси ишга туширилди.
Шунингдек, “Silkway Central Asia” кўп тармоқли логистика маркази, чизиқли алкилбензол ишлаб чиқариш қувватлари, Янги Тошкентда “Остона” мавзеси ҳамда пойтахтларда “Тошкент” ва “Остона” меҳмонхона мажмуалари қурилиши бошланди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари ушбу лойиҳалар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Мирзиёев Тўқаевга “Олий Даражали Дўстлик” орденини берди. Давлат раҳбари мукофотни топширар экан, Қозоғистон Президентининг икки қардош халқ ўртасида дўстлик, яқин қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги улкан шахсий хизматларини алоҳида қайд этди.
Тўқаев Ўзбекистон раҳбари ва халқига бундай юксак мукофот учун миннатдорлик билдирди ҳамда қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва иттифоқчилик руҳидаги муносабатлар янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди. Ташриф давомида бир қатор ҳужжатлар имзолангач, улар оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот берди.
Шундан сўнг, Тошкентга Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон раҳбарлари учиб келди. Мирзиёев уларни Ислом цивилизацияси марказига олиб борди.
“Арқадағ”нинг ўғли, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов эса энг сўнггида, ҳамма раҳбарлар йиғилганидан кейин 1 кун ўтиб келди.
Ҳамма меҳмонлар йиғилгач, Халқаро конгресс марказида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви старт олди.
Саммитда БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе ҳам иштирок этди.
Мирзиёев қандай ташаббуслар билан чиқди?
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли ва Трансафғон транспорт йўлаги қурилиши минтақалараро транспорт боғлиқлигининг устувор лойиҳалари сифатида қайд этилди. Ҳудудни Европа давлатлари билан боғлайдиган Транскаспий йўналишлари катта имкониятларга эга эканига эътибор қаратилди.
Ушбу йўналишлардаги ишларни мувофиқлаштириш учун Бош вазир ўринбосарлари даражасида Инфратузилмани ривожлантириш кенгашини тузиш таклиф қилинди.
Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан саммитда қабул қилинаётган ҳужжатлар – Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси ҳамда Таҳдидлар ва хатарлар каталоги юқори баҳоланди.
Афғонистондаги вазиятнинг хавфсизликка таъсирини ҳисобга олган ҳолда ва бутун минтақанинг барқарор ривожланиши учун ушбу мамлакатни минтақавий инфратузилма, энергетика ҳамда транспорт лойиҳаларига интеграция қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари яқинда ўтказилган “Фарғона тинчлик форуми”ни анъанавий халқаро форумга айлантириш зарурлигини билдирди. Минтақада сув танқислиги ортиб бораётганини ҳисобга олиб, 2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш таклиф этилди.
Қўшни Афғонистонни Амударё ҳавзаси сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга фаол жалб қилиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Давлат раҳбари, шунингдек, Туркманистон Президентини 2026 йилда давлат раҳбарларининг “Марказий Осиё ва Озарбайжон” янги форматида бўлиб ўтадиган Маслаҳат учрашувига раисликни қабул қилиб олгани билан табриклади.
Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилинди. Бундан ташқари, Президентлар Қирғизистоннинг 2027-2028 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзолигига номзоди юзасидан БМТга аъзо давлатларга мурожаат, Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши тўғрисидаги қарор, Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси, Марказий Осиё хавфсизлигига хатарларнинг каталоги ва уларнинг олдини олиш бўйича 2026-2028 йилларга мўлжалланган чоралар бўйича муҳим ҳужжатларни имзолади.
Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон газ транзити ҳажмини оширмоқчи
Тошкентдаги нутқида Тўқаев Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги қўшма газ лойиҳаси муваффақиятли эканини айтиб, газ транзитини кенгайтириш режалаштирилганини билдирди.
“Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон газ лойиҳаси муваффақиятли натижаларни кўрсатмоқда. Биз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали газ транзити ҳажмини ошириш ниятидамиз. Қолаверса, нефть ва атом саноатида ҳамкорликни кенгайтириш учун яхши истиқболлар мавжуд”, дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган Қозоғистон Президенти матбуот хизмати.
2023 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон “Газпром” билан газ сотиб олиш тўғрисида шартнома имзолади ва шу йилнинг октябрь ойида етказиб бериш бошланди. Жорий йилнинг 16 октябрь куни Россия ҳукумати “Газпром” Ўзбекистонга йилига 7,7 миллиард куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича шартномани бажаришда давом этаётганини эълон қилди. Бундан ташқари, газ таъминотини, жумладан, суюлтирилган табиий газни кўпайтириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланган.
Ўзбекистонга “ўзгача туйғу билан келаётган” Жапаров
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўз нутқида самимий қабул ва меҳмондўстлик учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдириб, Самарқанд шаҳрида UNESCO Бош Ассамблеясининг 43-сессияси муваффақиятли ўтгани билан табриклади. У бу ерга доимо ўзгача туйғу билан келишини билдирди.
“Аввало, Ўзбекистон Президенти, муҳтарам Шавкат Мирзиёевга анъанавий самимий қабул ва меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдираман. Биз Марказий Осиёнинг чинакам ҳамжиҳатлиги муҳити сезилаётган қардош Ўзбекистонга доимо ўзгача туйғу билан келамиз”, деди Жапаров.
Қирғизистон раҳбари минтақада иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Унинг маълум қилишича, Марказий Осиё давлатларидан Қирғизистонга ўтган йили тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 15 фоизга ошиб, 135 миллион долларга етган. Охирги уч йилда Қирғизистоннинг минтақа билан товар айирбошлаш ҳажми 28 фоизга ошиб, жорий йилнинг январь-август ойларида 1,7 миллиард долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга ошди дегани.
Садир Жапаров транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратди. У “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темирйўли қурилишининг стратегик аҳамиятини таъкидлади, унинг айтишича, бу янги транспорт артериясини яратиб, логистика йўналишларини қисқартиради, Осиё ва Европанинг йирик бозорларига йўл очади. Шу нуқтаи назардан, у “Зангезур йўлаги” лойиҳаси темирйўлнинг мантиқий ва стратегик давоми бўлишини, минтақавий транспорт алоқаларини мустаҳкамлашини таъкидлади.
Тўқаевнинг таассуротлари
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Президент Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида берган таклифларини қўллаб-қувватлашини айтди.
“Жаҳон майдонида юз бераётган ўзгаришлар шароитида мамлакатларимиз минтақани Евросиёнинг асосий транспорт-логистика марказига айлантириш учун ноёб имкониятга эга, бу ҳақда ҳозиргина ҳурматли Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев ишончли тарзда гапириб ўтди”, деди у ўз нутқида.
Тўқаев Ўзбекистон Президентини Самарқандда UNESCO Бош конференциясининг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади ва у ҳақиқатдан ҳам муҳим форум эканини айтиб ўтди.
“Ҳозирги кунда халқларимизнинг ноёб тарихий-маданий меросига асосланган минтақавий ўзига хосликни мустаҳкамлаш айниқса муҳимдир. Кеча биз Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдик. Бу улуғвор, ноёб иншоотдир. Ҳақиқатан ҳам, бу илмий, сайёҳлик, этномаданий лойиҳадир”, таъкидлайди у.
Қозоғистон раҳбари Президент Мирзиёевнинг Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу соҳада илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун умумий майдонга айланиши мумкинлиги ҳақидаги фикрига ҳам қўшилишини айтди.
“Мен Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович томонидан форматимизнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш бўйича билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлашимни билдирмоқчиман. Ўйлайманки, ишчи тартибда биз бу масалаларни муҳокама қилиб, тегишли иловаларни қонунчилик ёки ҳар қандай ҳолатда шартнома тартибида тасдиқлашга эришишимиз мумкин”, дейди қўшни давлат етакчиси.
“Узоқни кўра оладиган сиёсатчи”
Президент Илҳом Алиев Шавкат Мирзиёевнинг амалга ошираётган ишларига тўхталиб, уни узоқни кўра олиш қобилиятига эга сиёсатчи сифатида эътироф этди.
“Аввало, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашувида иштирок этиш таклифи учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдираман. Ўзбекистон томонига анъанавий меҳмондўстлиги учун ташаккур билдираман. Биродарим Шавкат Миромоновичнинг доно раҳбарлиги остида Ўзбекистон ривожланиш ва бунёдкорлик йўлидан ишончли тарзда бормоқда”, деди у.
Алиевнинг сўзларига кўра, Мирзиёевнинг юқори халқаро мавқеи, самарали иқтисодий ислоҳотлари, саноат, транспорт ва қишлоқ хўжалигидаги кенг кўламли лойиҳалари Ўзбекистонни минтақада етакчи мавқега кўтарган.
“Президентнинг кундалик ғамхўрлиги туфайли Ўзбекистон дунёнинг етакчи спорт давлатлари қаторидан жой олган. Яқинда бўлиб ўтган ёзги Олимпиада ўйинлари буни яққол кўрсатди. Шавкат Миромонович нафақат доно давлат арбоби, балки Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган инсондир”, таъкидлайди у.
Унинг айтишича, Озарбайжонда Мирзиёев ўзининг аниқ ҳаракатлари ва Озарбайжон халқига бўлган меҳрли муносабати учун севилади ва ҳурмат қилинади.
“Узоқни кўра оладиган сиёсатчи Шавкат Миромонович Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон ўртасида яқинроқ ҳамкорлик зарурлигини аниқ кўради. Яна бир бор, ҳурматли Шавкат Миромонович, барчаси учун катта раҳмат”, деди Алиев.
Озарбайжон етакчиси ўз нутқида давлатлар раҳбарлари билан Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрганига тўхталди. Унинг урғулашича, Президент Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган ушбу марказ унинг Ўзбекистоннинг бой маданий меросига бўлган садоқатининг яна бир далилидир.
“Баъзи мамлакатларда динимизга қарши ҳужумлар кучайиб, исломофобия тизимли тус олаётган бир пайтда, Ислом цивилизацияси марказининг очилиши бутун дунёга Исломнинг ижодкорлик, бағрикенглик, дўстлик ва биродарлик дини эканини намойиш этади. Ислом оламининг таниқли шахслари глобал илм-фан ва маданиятга улкан ҳисса қўшган ва Ислом цивилизацияси маркази буни яққол намойиш этади. Ишончим комилки, ўзининг ноёб кўргазмалари билан Тошкентдаги улуғвор Ислом цивилизацияси маркази бутун ислом олами учун фахр манбаи бўлади”, дейди Илҳом Алиев.
Учрашувлар ўз ниҳояасига етгач давлат раҳбарлари Мирзиёев томонидан кузатиб қўйилди.
Live
Барчаси