100 млрд долларлик зарба: Ҳиндистон СИ даврига “сакраяпти”
Олам
−
17 Февраль 1125 2 дақиқа
Ҳиндистон сунъий интеллект пойгасида жиддий ўйинчига айланишни мақсад қилган. “Adani Enterprises” 2035 йилгача 100 миллиард доллар сармоя киритиб, қайта тикланувчи энергия билан ишлайдиган, СИга мослаштирилган йирик дата-марказлар қуришини эълон қилган. Бу лойиҳа мамлакатни глобал технологик харитада юқори поғонага олиб чиқишни кўзлайди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Компания ҳисоб-китобига кўра, мазкур сармоя сервер ишлаб чиқариш ва “суверен булут” платформалари каби йўналишларда қўшимча 150 миллиард долларлик фаолликни қўзғатади. Натижада кейинги ўн йилликда Ҳиндистонда 250 миллиард долларлик сунъий интеллект инфратузилма экотизими шаклланиши мумкин.
Сўнгги йилларда Google, Amazon, Microsoft ва Meta каби глобал гигантлар ҳам Ҳиндистонда СИ инфратузилмасига катта маблағ йўналтирмоқда. Маҳаллий гигантлар — Reliance ва TCS ҳам бу жараёнда фаол. Таҳлилчиларга кўра, чип ишлаб чиқариш салоҳияти чекланган шароитда айнан дата-марказлар Деҳлининг СИ бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлаши учун энг реал имкониятдир.
Адани мавжуд 2 гигаваттли дата-марказ қувватини 5 гигаваттгача кенгайтиришни режалаштирмоқда. Шунингдек, 55 миллиард доллар қайта тикланувчи энергия ва йирик аккумулятор тизимларига йўналтирилади.
“Кўп йиллар давомида технологияни импорт қилдик. Энди эса пойдеворни ўзимиз қурамиз”, дейди компания раҳбари Гаутам Адани.
Бозор эса сигнални ижобий қабул қилди: компания акциялари эълон ортидан кескин кўтарилди. Ҳиндистон эса энди нафақат СИ асрига эргашишни, балки уни шакллантиришни даъво қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Alibaba Group” робототехника учун мўлжалланган RynnBrain номли янги сунъий интеллект моделини тақдим этган эди. Қайд этилишича, ишланма компаниянинг тадқиқот маркази – DAMO Academy томонидан яратилган. Модел бутун дунё ишлаб чиқувчилари учун очилмоқда, яъни ундан бепул фойдаланиш ва уни такомиллаштириш мумкин бўлади.
Live
БарчасиТаровеҳ намозини ўқиш вақтлари эълон қилинди
17 Февраль