200 га яқин қирувчи, 30 та бомба: Хоманаий қандай ўлдирилди?
Олам
−
01 Март 17698 4 дақиқа
Ҳалок бўлган Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг қароргоҳига АҚШ ва Исроил томонидан уюштирилган ҳужум чоғида 30 та бомба ташланган. “The Wall Street Journal” нашри ҳужум операцияси тафсилотларини очиқлади.
Нашр манбаларига кўра, Исроил ва Америка ҳарбий разведкаси узоқ вақт давомида кузатув олиб бориб, камдан кам учрайдиган имкониятни кутишган. Гап Эроннинг юқори мартабали сиёсий ва ҳарбий раҳбарлари иштирокидаги учрашув ҳақида кетмоқда, унда “уларнинг барчасини бир вақтнинг ўзида йўқ қилиш” мумкин бўлган.
“Исроил расмийларига кўра, разведка ходимлари битта эмас, балки учта учрашувни аниқлаган. Улар Эронда асосий қарор қабул қилувчи шахс ва диний раҳбар – Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг турган жойини аниқлаган.
Вазият шу қадар ноёб эдики, АҚШ ва Исроил ҳарбий самолётлари кундузи зарба беришди. Исроил қирувчилари Хоманаий қароргоҳига 30 та бомба ташлади ва уни бутунлай вайронага айлантирди”, дейилади хабарда.
Исроил ҳарбий разведкасининг собиқ раҳбари Амос Ядлиннинг сўзларига кўра, кўпчилик ҳужумни тунда кутган, кундузги ҳужум эса “тактик кутилмаган совға” бўлган. Ҳужум Эрон вақти билан эрталабки соат 10:00 га яқин кучли ракета ва авиазарбалар билан бошланган.
“Кечқурунга бориб 200 га яқин Исроил қирувчи самолётлари 500 га яқин турли нишонларга зарба берган, бу Исроил тарихидаги энг йирик бир вақтнинг ўзида амалга оширилган ҳаво кампанияси бўлди”, деб хабар берди Исроил ҳарбий қўмондонлиги.
Исроил зарбалари асосан юқори мартабали мулозимлар ва Эроннинг ракета салоҳиятига қаратилган бўлса, АҚШ ҳужумлари ракета инфратузилмаси ва ҳарбий нишонларга йўналтирилган.
“Зарбалар билан параллел равишда Исроил Эронга қарши кенг кўламли киберҳужумлар уюштирди. Бу ҳужумлар ОАВ ва мобил иловалар орқали эронликларни ўз ҳукуматига қарши қўзғолон кўтаришга чақирувчи хабарларни тарқатишга қаратилган эди.
Исроил мусулмонларга намоз вақтларини кузатишда ёрдам берадиган ва Эронда кенг қўлланиладиган иловани бузиб кирди. Натижада илова Эрон қуролли кучларини рақиб томонга ўтишга чақирувчи ва “ёрдам келди” деган мазмундаги хабарларни тарқата бошлади”, деб ёзади нашр.
АҚШ–Исроил–Эрон уруши
Кеча, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.
Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.
Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.
Аввалроқ, Эрон давлат телевидениеси Хоманаий Исроил ва АҚШ томонидан ўлдирилганини хабар қилган эди. Эроннинг “Tasnim” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, у кеча, 28 февраль куни эрталаб ўз ишхонасида ўлдирилган. Оятуллоҳнинг вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб 40 кунлик умумхалқ мотами ва 7 кунлик умумхалқ дам олиш кунлари эълон қилинди.
Шунингдек, Эрон ҳудудига уюштирилган ҳужум чоғида Оятуллоҳнинг оила аъзоларидан тўрт киши – қизи, куёви, набираси ва келинларидан бири ҳам ҳалок бўлган.
Қайд этиш жоиз, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ислом Республикаси Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти тасдиқланганидан сўнг, мамлакат “Қуролли кучлари тарихидаги энг шиддатли ҳужум операцияси” бошланганини маълум қилганди.
Шундан сўнг, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакат Исроил ва АҚШга қарши янги ҳужумлар бошланганини эълон қилди.
Live
Барчаси