2025 йил Ўзбекистонда 248 киши иш жойида вафот этди
Жамият
−
13 Январь 1041 2 дақиқа
2025 йил Ўзбекистонда 248 киши бахтсиз ҳодисалар туфайли иш жойида вафот этди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси хабар берди.
Маълумотларга кўра, йил давомида республикада 849 та меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар текширилиб, ҳисобга олинган. Улардан 83 таси оғир оқибатли бўлган, 216 таси эса ўлим билан якунланган.
Ҳодисалар оқибатида 961 нафар киши жабрланган. Жумладан, 680 нафар киши оғир жароҳат олган, 33 нафари енгил жароҳат олган, 248 нафар ходим вафот этган.
Кўрилган чоралар бўйича 432 нафар мансабдор шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, 241 нафарга маъмурий жарима қўлланган.
Қайд этиш жоиз, 2024 йилда Ўзбекистонда меҳнат жараёни билан боғлиқ 868 та бахтсиз ҳодиса юз берган, уларда 974 нафар ходим жароҳатланган, 261 нафари эса ҳалок бўлган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 187-моддасига кўра, ўз меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ходим вафот этган тақдирда, унинг оила аъзоларига етказилган ҳар қандай зарарни (шу жумладан, маънавий зарарни) иш берувчи, башарти бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, тўлиқ ҳажмда қоплаб беради. Иш берувчи марҳум ходимнинг оила аъзоларига қуйидагиларни тўлайди:
- маънавий зарар;
- боқувчининг вафот этгани муносабати билан зарар;
- вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақа.
Меҳнат кодексининг 191-моддасига кўра, агар жабрланувчи томонидан қўпол эҳтиётсизлик қилинган ва иш берувчининг айби бўлмаган ҳолларда, унинг айбидан қатъи назар, жавобгарлик келиб чиқадиган бўлса, тўланадиган зарар миқдори ҳам шунга мувофиқ равишда камайтирилади, лекин иш берувчини бутунлай зарарни тўлашда озод қилмайди.
Live
Барчаси