2026 йилдан бошлаб Ҳаж визаси фақат тиббий гувоҳнома асосида берилади

Жамият

image

Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги “Ҳаж – 2026” мавсумида зиёратчида “Nusuk” платформасидан олинган тиббий соғломлик тўғрисида гувоҳнома бўлган тақдирда унга ҳаж визаси берилиши ҳақида баёнот эълон қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ва Умра маркази хабар берди.

Қайд этилишича, Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳаж сафари билан шуғулланувчи вазирлик ва идораларга ҳар бир зиёратчини синчковлик билан тиббий кўрикдан ўтказиш ва ҳаж сафарига бориш лаёқатига мос келмайдиган касаллик бор-йўқлигини аниқлаш мажбуриятини юклади. Бу талаб ҳожилар хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлашга қаратилган.

Тиббий кўриклардан ўтмасдан ва тегишли гувоҳнома олмасдан ҳаж визасини расмийлаштириш имкони йўқ.

Баёнотда қуйидаги касалликларга чалинган зиёратчилар ҳаж сафарига юборилмаслиги маълум қилинди:

  • Диализ талаб қиладиган буйрак етишмовчилиги;
  • Минимал жисмоний юкламада ҳам намоён бўлувчи юрак етишмовчилиги;
  • Даврий ёки доимий равишда кислороддан фойдаланишни талаб қилувчи ўпканинг сурункали касалликлари;
  • Жигар етишмовчилиги белгилари билан кечувчи жигар циррозининг оғир босқичи;
  • Оғир руҳий ва неврологик бузилишлар;
  • Қарилик деменцияси касалликлари;
  • Ҳомиладорликнинг охирги уч ойи, шунингдек, юқори хавфга эга бўлган ҳар қандай ҳомиладорлик;
  • Фаол юқумли касалликлар (шу жумладан, силнинг очиқ шакли, геморрагик иситмалар ва ҳоказо);
  • Кимётерапия ёки бошқа иммунитетни сусайтирувчи муолажалардан ўтаётган фаол онкологик касалликлар;

Саудия Ҳаж вазирлигининг мазкур талаблари бузилган ёки ёлғон маълумот берилган тақдирда, Ҳаж вазирлиги томонидан чора кўрилиши билдирилган.

“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика жамоатчилик кенгаши зиёратчиларни ушбу талабларга тўлиқ амал қилишга чақирди ҳамда ушбу талаблар ҳаж иштирокчиларининг ҳаётини ва саломатлигини сақлашга қаратилганини маълум қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги 75 мингдан ортиқ ҳаж қоидаларини бузган шахсларни қўлга олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳаж

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг