25 ёшли чанғичи машғулот пайтида ҳалок бўлди
Спорт
−
16 Сентябрь 3471 2 дақиқа
Италиялик 25 ёшли чанғичи Маттео Франзосо 13 сентябрь куни Чилининг Ла Парва тоғ-чанғи курортида машғулот чоғида оғир бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этди. Буни кеча, 15 сентябрь куни Италия қишки спорт федерацияси (FISI) ҳам тасдиқлади.
Манбага кўра, Франзосо Италия терма жамоасидаги бошқа спортчилар билан биргаликда 2025-2026 йилги мавсумга тайёргарлик кўраётган эди. Машғулот пайтида у йиқилиб, оғир жароҳат олган. Оқибатда спортчи Чилининг Сантяго шаҳридаги шифохонага етказилган. Шифокорлар уни реанимацияда, сунъий кома ҳолатида ушлаб турган, бироқ бош мия жароҳатлари ва шиш оқибатида у икки кундан сўнг вафот этган.
“Бу оиламиз ва спортимиз учун оғир йўқотиш. Бир йил аввал Матилде Лорензи ҳалок бўлганида қандай изтироб чеккан бўлсак, бугун яна шундай оғриқли ҳолатни бошдан кечирмоқдамиз. Бундай бахтсиз ҳодисалар бошқа такрорланмаслиги учун барча чораларни кўришимиз керак. Ушбу қайғули паллада барча спортчилар ва мураббийларга уларнинг ёнида эканлигимизни билдираман. Маттеонинг оиласига чуқур ҳамдардлик билдираман”, дейди FISI президенти Флавио Рода
Маълумот учун, Маттео Франзосо 1999 йилда Сестриере шаҳрида туғилган. У тоғ чанғиси бўйича тезлик йўналишларида – пастга тушиш, супер-G ва комбинацияланган дастурларда иқтидорини намойиш этган. 2020 йилда Норвегиянинг Нарвик шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида пастга тушиш йўналишида 4-ўринни эгаллаган. 2021 йилда Вал Гарденадаги супер-G мусобақасида Жаҳон кубоги дебютини ўтказган. Шу пайтгача у 17 та Жаҳон кубоги стартида қатнашган эди.
Live
Барчаси