Ўзбекистонликлар ноёб ҳодисага гувоҳ бўлиши мумкин
Бу қизиқ
−
26 Февраль 26182 1 дақиқа
Жорий йилнинг 28 февраль куни Ўзбекистон аҳолиси ноёб астрономик ҳодиса – олтита сайёрадан иборат парадни кузатиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 25 феврал куни Ўзбекистон Фанлар академияси хабар берди.
Маълум қилинишича, Меркурий, Венера, Юпитер, Сатурн, Уран ва Нептун бир вақтнинг ўзида осмоннинг бир қисмида жамланади. Сайёралар Қуёш ботгандан сўнг жануби-ғарбий уфқ томонида пайдо бўлади. Уларни республиканинг барча ҳудудларидан кузатиш мумкин.
Олтита сайёрадан тўрттаси – Меркурий, Венера, Юпитер ва Сатурнни оддий кўз билан кўриш мумкин. Уран ва Нептун эса хира кўрингани сабабли телескоп ёки бинокл ёрдамида кузатилади.
Мутахассисларнинг тушунтиришича, сайёралар паради бу икки ёки ундан ортиқ сайёраларнинг осмон гумбазида бир чизиққа яқин жойлашиши ҳодисасидир. Тўрттагача сайёра иштирок этадиган ҳолат кичик парад дейилади ва у деярли ҳар йили содир бўлади. Беш ёки ундан ортиқ сайёра иштирокидаги ҳодиса катта парад ҳисобланади ва ўртача 18–20 йилда бир марта кузатилади. Саккизта сайёра бир сафга келиши эса тахминан 170 йилда бир марта юз беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Science Advances” журнали эълон қилган мақолада ерга ўхшаш сайёралар коинотда анча кўп учраши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси