“Аббос доллар” ҳибсда, Марказий Осиё педофилларга “уруш очди” – Midweek

Таҳлил

Европанинг турли давлатларида учиб юрган ва баъзи инфратузилмаларнинг фаолиятига тўсиқ бўлиш орқали аҳолида хавотир уйғотган номаълум дронлар оқими Путиннинг НАТО билан урушга зимдан тайёрланаётгани ҳақидаги хавотирларни кучайтирмоқда.

Марказий Осиёда педофилларга қарши кураш жиддийлашмоқда. Қозоғистон кимёвий кастратсани тасдиқлади, Қирғизистон эса буни халқ иродасига қўйиб бермоқчи.

Ҳафта давомида Афғонистонлик машҳур тадбиркор ва сиёсатчи “Аббос доллар” номи билан танилган Аббос Иброҳимзодa бир неча кун олдин Тошкентда ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар тармоқлардаги ўзбек сегментининг эътиборини тортди.

Туркияда кўплаб машҳур қўшиқчилар ва актёр-актрисалар гиёҳвандлик савдоси ва контрабандада гумонланиб ҳибсга олинди.

Жорий ҳафта ўртасига қадар дунёда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZнинг Midweek дастури ва биз бошладик.

“Аббос доллар” Ўзбекистонда ҳибсга олинди

Жорий ҳафта Афғонистон атрофидаги воқеаларни ёритадиган “Аmu” нашри мамлакатни собиқ тузум парламенти раиси ўринбосари ва афғон миллионери “Аббос доллар” номи билан танилган Аббос Иброҳимзодa Тошкентда ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Хабарга кўра, Иброҳимзодa 24 сентябрда бизнесдаги рақобатчилари томонидан берилган кўплаб шикоятлар асосида қўлга олинган. У 350 минг доллардан ортиқ кафолат пули тўлаганига қарамасдан, ҳалигача озод этилмагани айтилади. Манбаларга кўра, Иброҳимзодa сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистонга 50 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган. Ётқизилган инвестиция тижорий транспорт ва ун ишлаб чиқариш соҳаларини қамраб олган. Аммо эндиликда унинг ҳибсга олиниши у билан боғланган компаниялар фаолиятидаги бузилишлар ҳақида хавотирларга сабаб бўлмоқда. Расмийлар ва Иброҳимзоданинг ўзи эса ҳалигача ҳолат бўйича изоҳ бермади.

“Аббос доллар” кимлиги, у нега бундай ном билан Марказий ва Жанубий Осиёда кенг танилганига тўхталадиган бўлсак, Иброҳимзодa 1970 йили Балх вилоятининг Шолғара туманида туғилган. У Мозори-Шариф шаҳридаги “Бахтар” ўрта мактабида 12-синф даражасида тамомлаган. Афғонистон парламентнинг 16-чакириғи билан Балх вилоятидан халқ вакили бўлган. Бизнес ва сиёсатни параллел тарзда юритган Аббос Иброҳимзодa ҳазара миллатидан бўлиб, у Балх вилоятидаги пул алмаштирувчилар уюшмасини бошқаргани учун унга “Аббос-доллар” лакаби берилган. Шунингдек, у Афғонистондаги энг бой одамлардан бири ҳисобланиб, нефть-газ бизнесида фаол иштирок этиб келган.

Унинг қачон Тошкентга кўчиб келгани ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Лекин 2021 йили Афғонистондаги давлат тўнтаришидан сўнг, у мамлакатни тарк этгани аниқ. Ўша йилнинг ёзида “Аббос доллар” бошчилигида Мозори-Шариф толиблардан ҳимоя қилинган, бироқ орадан кўп ўтмай, Толибон ҳокимиятни қўлга киритгач, у Афғонистонни тарк этиб, Туркияда қўним топгани айтилади. У асос солган “Ibrohimzada Group” ўз вақтида бир неча ўнлаб ширкятларни бирлаштирган. Бундан ташқари, “Аббос доллар” Балхдаги хусусий телевидение тармоғини назорат қилган, таълим ва хайрия ишларига доимий сармоя киритган. Иброҳимзодa “Group Charity Foundation” хайрия фонди унинг энг ёрқин лойиҳаларидан бири бўлган. Мазкур фонд асосан аёлларга саводхонликни ўргатишга ихтисослашган. Иброҳимзодa Афғонистон бўйлаб Балх ва Қобулда 3 та университет, иккита коллеж ва 30 та ўрта мактабга эгалик қилган.

Республиканинг сўнгги йилларида Иброҳимзодa Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан бензин ва газ, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари етказиб бериш билан шуғуллангани ҳақида маълумотлар бор. Унинг Ўзбекистон билан чегарадош Ҳайратон шаҳридаги бензин ва газ омбори 50 минг тоннадон ортиқ сиғимга эга бўлган. Бироқ “Толибон”нинг ҳокимият тепасига келиши унинг бутун фаолиятини ўзгартириб юборган ва давлат тўнтариши “Аббос доллар”га жуда қимматга тушган. Хусусан, 2023 йили толиблар Иброҳимзоданинг йигирмага яқин тижорат мулкини музлатган. Улар ичида олтита ёқилғи қўйиш шохобчаси, иккита касалхона, битта телеканал, иккита озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш заводи, бешта савдо маркази, иккита турар-жой мажмуаси ва “Ҳайратон” станциясидаги саноат объекти мавжуд.

Иброҳимзодa икки марта Афғонистон парламентининг қуйи палатаси депутати этиб сайланган. 2019 йили у Янги Афғонистон Бирлик партиясига асос солган. Бу партия Афғонистондаги шиа ҳазоралари орасида учинчи йирик партияга айланган. Партиянинг бир миллионга яқин тарафдорлари бўлган ва у парламентда вакилига эга бўлиб, ижтимоий тармоқларда анча машҳурликка эришган.

Туркияда юлдузлар оммавий ҳибсга олинди

2025 йил Туркиядаги шоубизнес юлдузлари учун оғир келди. Феврал ойида тақиқланган рекламалар фаолияти билан шуғуллангани учун Сардор Ўртачнинг 10 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинганидан бошланган жараён, баҳорга келиб, “Мухташам юз йил” сериалда Султон Сулаймон ролини ижро этган Халит Эргенч ва “Чуқур” сериалдаги Аличо роли орқали кўплаб ёшларнинг севимли қаҳрамонига айланган Риза Кожаўғлининг жазоланиши билан давом этганди. Улар 2013 йили бўлиб ўтган Гези Парки намойишларида қатнашиб тартибсизликларга сабабчи бўлганликда айлангандилар.

Юлдузларнинг сўроқ қилиниши ва ҳибсга олиниши ҳали ҳам давом этмоқда. Бу сафар уларнинг номи йил бошидагиларга қараганда бироз кичик бўлсада, сони анча катта. Жумладан, 8 октябр куни кўплаб машҳур қўшиқчилар ва актёр-актрисалар гиёҳванд моддаларни тарғиб қилиш ва контрабанда билан боғлиқ иш доирасида ҳибсга олинди. 

Ҳибсга олинганларнинг тўлиқ рўйхатида Бирсе Акалай, Бирсен Беррак Тузунатач, Жерен Морав Оржан, Демет Эвгар Бабаташ, Дерен Талу, Дилан Полат, Дуйгу Ўзаслон Мутаф, Енгин Полат, Фейза Алтун, Ҳадисе Ачикгўз, Ирем Дерижи, Қаан Йилдирам, Кубилай Ака, Мерт Язиджиўғлу, Метин Акдюлгер, Ўзге Ўзпиринччи (Ямантурк), Зайнаб Мерич Арал Кескин, Зийнат Сали (Сафтер) каби юлдузлар бор. Ушбу шахслар сўроқ қилиш ва қон намунаси олиш учун Истанбул вилояти жандармаси бошқармасига олиб кетилди.

Юқорида номи қайд этилганларнинг баъзилари хорижда, қолганлари эса сўроқ жараёнини бошлаб юборган. Ҳар бирининг адвокати ҳолат юзасидан дастлабки маълумотларни очиқлади. Масалан, қўшиқчи Ирем Дерижининг адвокати Ойшагул Мермер вазият бўйича изоҳ бериб, мижози Ирем Дерий билан олиб борилаётган жараён доирасида сўроқ учун жандармага йўл олганини, ҳозирча уларга иш мазмуни ҳақида расмий маълумот берилмаганини, аммо жараён аниқлаштирилгач, жамоатчиликка қўшимча маълумот берилишини айтган. Зийнет Салининг адвокати мижози ҳозир хорижда бўлгани сабабли қайтгач, ўз кўрсатмасини беришини маълум қилиб, Зийнет Сали ҳаёти давомида ҳатто сигарет ҳам чекишмаган ва мазкур тергов ҳамда унда тилга олинган шахслар билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаганини қўшимча қилган. “Sözcü” нашри хабарига кўра, ҳибсга олинганлар орасида борлиги айтилаётган Симге Сағининг адвокати ҳам қўшиқчи бир ҳафтадан бери АҚШда эканини билдирган. У ҳам қайтгач дастлабки сўроқ ишларига жалб этилиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, сўнгги кунларда бутун Туркия бўйлаб, наркотик савдоси ва контрабандага қарши кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда. Бу рейдлар доирасида мамлакатнинг қатор юлдузлари қўлга олиниши эса кутилмаган янгилик бўлди.

Марказий Осиё педофилларга қарши “уруш очди”

Сўнгги пайтларда Марказий Осиёдаги ҳуқуқ майдонида бир вақтнинг ўзида ижобий ва бироз зиддиятли тенденция кузатиламоқда. Қирғизистонда юз берган мудҳиш қотилликнинг вояга етмаган қизга қилинган жинсий зўравонлик билан боғланиши бунга қайсидир маънода туртки бўлди. Мамлакат президенти Содир Жапаров бундай жирканч жиноятларга қарши ўлим жазосини тиклаш масаласини кун тартибига олиб чиқди ва у бу ғоясида қатъий турибди. Шу билан бирга, Қирғизистон етакчиси ўлим жазосини тиклаш ташаббусини фақат ва фақат халқ тасдиқлаши ҳамда якуний қарорни айнан улар айтишини маълум қилди. Демак Қирғизистонда ўлим жазосини тиклаш бўйича референдум бўлиб ўтади.

Жапаров Ойсулув Муқаишеванинг аянчли ўлимига тўхтар экан, терговни шахсан ўзи назоратга олганини ва маъмуриятига бу бўйича келгусида содир этиладиган жиноятлар нисбатан жазоларни кучайтириш бўйича қонунчиликка ўзгартишлар киритиш лойиҳасини ишлаб чиқишни топширганини айтди. У вояга етмаганлар ва аёлларни ўлдириш, зўрлаш билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бораётганини, “стандарт” қамоқ жазоси эса жиноятчиларга энди тўсқинлик қилмаётганини таъкидлади. Шунингдек, президент коррупция жиноятлари ўлим билан жазоланиши мумкин эмаслигини таъкидлаб, ўлим жазоси фақат шафқатсиз қотилликлар ва педофиллик учун жорий этилишини айтди. Одиил судловнинг нотўғри бўлиши хавфи ҳақидаги жамоатчилик хавотирларига эса

Жапаров замонавий дунёдаги технологик имкониятлар жараёнининг шаффоф ўтилишини таъминлашига кафолат берди.

“Биз бу масалани ёлғиз ҳал қилмаймиз. Халқ билан маслаҳатлашамиз. Бу масала умумхалқ референдумига қўйилиши мумкин. Агар кўпчилик бунни қўллаб-қувватласа, Конституция ва қонунларга ўзгартишлар киритиш, шунингдек, халқаро мажбуриятларни қайта кўриб чиқиш зарур бўлади”, деди Содир Жапаров.

Яна бир МО давлати – Қозоғистон Қирғизистондон фарқли ўлароқ бу масалага анча мувозанатли тарзда ёндашмоқда. Қозоғистонда вояга етмаганларга нисбатан жинсий дахлсизликка қарши жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазони ўташ муддати тугашидан олти ой олдин кимёвий кастратсия қўлланилиши белгиланди. Қонунчиликка киритилган янги тартибга кўра, энди жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти маҳкумнинг муддати тугашидан камида 12 ой олдин судга тегишли ҳужжатларни юбориши лозим. Бу орқали шахсда руҳий оғишлар ёки жинсий зўравонликка мойиллик мавжуд ёки йўқлиги бўйича суд-психиатрия экспертизаси тайинланади. Буйруқ расмий эълон қилинган кундан кейин ўн кун ўтгач кучга киради.

Ҳа, педофилия ўта жирканч жиноят. Қайсидир давлат бу балога қарши кескин чора қўллаганда, дейлик ўлим ёки кимёвий кастрация чораси сифатида белгилангандан кейин, бу ҳақда бирор нарса дейиш қизиқ. Кўпчилик, жумладан, аксар ҳуқуқ фаоллари бундай чораларни танқид остига олади. Аммо тана бошқа – дард билмас. Улар ўзини шу жирканч жиноят қурбони бўлган болаларнинг ота-оналари ўрнига қўйиб кўрса, фикри бироз ўзгариши мумкин. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор ва танганинг мазкур тарафи ўлим жазоси даҳшатли хатоликларга олиб келиши эҳтимоли жуда катта эканини кўрсатади. Яъни терговнинг нотўғри хулосаси ва суднинг адолатсиз қарори. Бунинг ортидан ўлдириб юборилган шахсни эса орқага қайтариб бўлмайди.

Ҳaётда ечими жуда мураккаб масалалар етарлича. Педофилларга қандай жazo тайинлаш ана шундай ҳолатлардан биридир. Ҳа, айтганча Ўзбекистонда ҳам педофилларга нисбатан ҳеч бўлмаганда кимёвий кастрация жазосини қўллаш масаласи муҳокама қилинганига кўп бўлмади. Мамлакатда бу борадаги тортишувлар ҳудди Қирғизистондаги каби бир мурғак қизалоқнинг зўрлаб ўлдириб кетилгани ортидан бошлангандилар. Аммо унинг ёши Ойсулувникидан ҳам анча кичик, бор-йўғи 12 баҳорини энди қаршилаганди.

Путин НАТО билан урушга тайёрланяпти

Сўнгги бир ой ичида Россия НАТОнинг “нерв тизими”ни синовдан ўтказаяпти. Москва альянснинг кўплаб давлатларига қарши провакатсион ҳаракатларни анча кучайтирди. Барчаси Польшага учирилган дронлар ва унга нисбатан сусат жавоб беришдан бошланди. НАТО bunga қарши жавоб қайтариш эмас, балки жавоб қайтаришни муҳокама қилиш моддасини ишга туширганидан сўнг, Россиянинг кейинги “қитиқлаш” нуқтаси Эстония бўлди. Бу гал у шунчаки дрон эмас, балки нақд 3 та қирувчи самолёт билан НАТО ҳаво ҳудудини ҳеч қандай қаршилик ва тўсиқларсиз бузганди. Россия ҳарбий учоқлари кириб бориши қайд этилган давлатлар орасида Руминия ҳам жой олди. Аммо энг ҳайрон қоларли жиҳати шуки, Россия дронлари деб тахмин қилинаётган учоқлар Дания, Норвегия ва Германия ҳаво ҳудудида ҳам пайдо бўлгани бўлди. Агар бу рост бўлса, демак НАТОнинг нафақат шарқий, балки шимолий, марказий ва ғарбий чеккалари ҳам тешилиб бўлган.

Европаликлар мазкур жараёнга НАТОни фалажлашга уриниш деб баҳоламоқда. Хусусан, Дания ҳарбий разведка хизмати маълумотларига кўра, бу ишлардан Россиянинг асосий мақсади НАТОнинг сиёсий бирдамлигини заифлаштириш ва қарор қабул қилиш салоҳиятини издан чиқаришдан иборат. Тузилма раҳбари Томас Аренкилнинг маълум қилишича, Россия Дания ва бошқа Ғарб мамлакатларига қарши гибрид уруш олиб бормоқда ва бу орқали у НАТО ичида ишончсизлик ва ихтилоф уруғини сочиш, ҳамда Украинага кўрсатилаётган ёрдамни сусайтиришни мақсад қилган.

Дания ҳудудидаги аэропортлар ва муҳим стратегик объектлар устида дронлар учиши кузатилгани сабабли баъзи вақтларда фуқаролик дронларига осмонни вақтинча ёпишга ва ҳатто Копенгаген ҳамда шимолдаги Олборг аэропортларида парвозларни тўхтатишга тўғри келган. Ҳозирча дронларни ким учиргани аниқланмаган, аммо данийалик расмийлар бунинг ортида Россия турганидан шубҳаланмоқда. Аммо шундай тахминлар фонида Россия ўзининг “соя флоти” орқали нефтини Болтиқ денгизи орқали ташишни муҳофаза қилиш учун қирувчи самолётлар ва бошқа турдаги учоқлардан фойдаланаяптиганини ҳам унутмаслик лозим. Бундай шароитда эса НАТО ҳудудлари жумладан Польша, Эстония, Финляндия ва Руминиянинг ҳаво ҳудудини бузиб кириш эҳтимоли юқори бўлади.

Ушбу воқеаларга Путин ва Медведевнинг муносабати эса янада ажабланарли. Чунки бири ҳазиллашиб, бу ҳудудларга бошқа дрон учирмасликни киноя қилса, бошқаси жиддий тарзда дронларни Москва учирган бўлиши мумкинлигини истисно қилмади. Хусусан, Владимир Путин 2 октябрь куни “Валдай” халқаро мунозара клуби мажлисида дронлар ҳақидаги айбловларга ҳазил билан жавоб бериб:“Биз Францияга ҳам, Данияга ҳам, Копенгагенга ҳам энди дрон юбормаймиз”, дея сарказм қилганди. У Россияда “Лиссабонгача учадиган дронлар” йўқ ва Европа шаҳарларида улар учун нишон ҳам мавжуд эмаслиги, Ғарбнинг айбловларини эса “вазиатни кескинлаштириш ва мудофаа харажатларини оширишга тайёргарлик усули” деб атайди. Медведев эса ушбу дронлар кимга тегишли ва нима мақсадда учирилганига 5 та эҳтимолни келтириб, энг сўнггида Россия учирган бўлиши мумкин деган тахминни билдиргани бир томондан шубҳали, бошқа томондан эса кулгили бўлди. Чунки Россиянинг собиқ президенти ва бош вазири бугун бачкана провакациялар бўйича илмий иш ёқламоқда.

Вазият эса шунчалик хатолик қилиш ёки ҳазил қиладиган ҳолатда эмас. Чунки АҚШдаги Урушни ўрганиш институти мазкур жараёнларни умумлаштириб, буни Кремлнинг НАТО билан урушга тайёргарлик доирасида олиб бораётган фаол стратегик ҳаракатлари деб баҳоламоқда. Унга кўра, Россия келажакдаги тўқнашув учун информатсион ва психологик муҳит шакллантирмоқда. Урушни ўрганиш институти таҳлилчиларга кўра, Россия разведкаси НАТО давлатларига қарши Москвадaн яширин ва очиқ ҳужумлар, радиоэлектрон уруш воситаларига аралашиш, GPS сигналини тўсиш ва ҳаво провокациялари каби ҳужумларни амалга оширмоқда. Буларнинг барчаси Россиянинг “ҳаракатлар учун шароит яратиш ишларини олиб бораётганини” кўрсатади. Аммо Кремль ҳозирча НАТО билан тўлиқ миқёсдаги уруш бошлаш ҳақида қарор қабул қилди деган хулосага боришга ҳали эрта. Чунки Россияда айни дамда бу эҳтимолий тўқнашувга етарли бўлган жуда кенг кўламли ҳарбий сафарбaрлик кузатилмаяпти.

Шунга қарамасдан, мутахассислар бу ҳаракатларнинг ортида Москванинг узоқ муддатли стратегик режалари, жумладан, НАТО билан эҳтимолий урушга тайёргарлик каби мақсадлар ётганини тахмин қилаяпти. Чунки бундай провакатсиялар билан бир вақтда Россия ўзининг НАТО билан туташ бўлган ғарбий чегарасидаги ҳарбий округларни қайта ташкил этиш ва Финляндия билан чегарада янги ҳарбий базалар қуриш ишларини амалга оширмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Европа Марказий Осиё педофилия Аббос доллар Аббос Иброҳимзодa

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг