Афғонистонда чорраҳалардан бирига Навоий номи берилди. Энди 16 метрлик обида қурилади
Олам
−
17 Февраль 693 3 дақиқа
Кеча, 16 февраль куни Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридаги бир чорраҳага Алишер Навоий номи берилди. Бу ҳақда журналист Толиб Носир ўзинг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Унинг билдиришича, шаҳарда Ўзбекистон томонидан бўйи 16 метрлик обида қурилади. Ўзбекистоннинг бу шаҳардаги бош консули ёдгорликка тамал тошини қўйишда иштирок этган.
“Дунё” ахборот агентлиги берган маълумотда ҳам Мозори Шариф шаҳридаги Чавки-Қалаи-Ғазиён ҳудудида буюк мутафаккир Алишер Навоий шарафига барпо этиладиган ёдгорлик қурилишининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтгани қайд этилган.
Мазкур лойиҳа Афғонистонда истиқомат қилувчи этник ўзбеклар ўртасида миллий маънавиятни мустаҳкамлаш, бой адабий меросни тарғиб қилиш ҳамда икки халқ ўртасидаги дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.
Маросимда маҳаллий ўзбек жамоатчилиги вакиллари, Балх давлат университети профессор-ўқитувчилари, “Набизода” жамғармаси раҳбари Камол Набизода ҳамда Ўзбекистон консулхонаси ходимлари иштирок этган.
“Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Алишер Навоий нафақат туркий халқлар, балки Афғонистондаги барча миллатлар маданиятида алоҳида ўрин тутади. Унинг инсонпарварлик ва бағрикенглик ғоялари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шу боис, Мозори Шарифда бундай ёдгорликнинг қад кўтариши афғон ўзбеклари ҳаётида муҳим тарихий воқеа сифатида баҳоланди”, дейилади хабарда.
Таниқли шоир Абдулқодир Ҳамидий ва “Бобур” жамғармаси раҳбари Муҳаммад Наби ўз чиқишларида ушбу лойиҳа миллий ўзликни англашни мустаҳкамлаш ва тарихни асрашга хизмат қилишини қайд этган. Маросим якунида ёдгорлик қурилишига расман старт берилган. Ушбу маданий объект Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги гуманитар ҳамкорликнинг янги рамзига айланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Мозори Шариф шаҳрида Темурийлар даврида яшаган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини бутунлай бузиб ташлагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур масала юзасидан расмий изоҳ олиш мақсадида “Толибон” муваққат ҳукумати вакиллари билан боғланган. Бунинг ортидан Маршал Абдулрашид Дўстум ва қизи Роҳила Дўстум “Толибон”га таҳдид қилиб, “Толибон” эртами-кечми ўз қилмишлари учун пушаймон бўлишини таъкидлаган.
Афғонистон томони ўша пайтда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой аллома хотирасига муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир шарафига янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги сабабли ҳайкал маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташлангани, яқин орада янги ёдгорлик барпо этилиши ҳақида ваъда берган эди. Аммо ҳануз бу ваъда амалга оширилмади.
Шунингдек, 2023 йилнинг февраль ойида ҳам Мозори Шарифдаги Алишер Навоийнинг ўша ҳайкали қисман бузиб ташланган эди. Шунда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов бу ҳолатни “вандализм” деб атаган ва Афғонистон вакилларига таяниб, ҳайкални бегона шахслар вайрон қилганини билдирган.
Жорий йилнинг 2 январь кунига келиб, ўзбеклар энг кўп яшовчи Саманганда университет пештоқидан ўзбек ва форс тилларидаги ёзув олиб ташланди. Бунинг ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбек тилига нисбатан чекловлар вазирликда ташвиш уйғотишини билдирди. 6 январь куни Ташқи ишлар вазирлигининг масъул вакиллари тезкор равишда Афғонистон томони билан боғланганда, “Толибон” ўзбек тилига тақиқ қўймасликка ваъда берди. Танқидлар ортидан, жорий йилнинг 11 январь куни “Толибон” Саманганда университет пештоқига ўзбек тилини қайта киритди.
Live
БарчасиТаровеҳ намозини ўқиш вақтлари эълон қилинди
17 Февраль