АҚШ ҳукумати фаолиятини тўхтатди
Олам
−
02 Октябрь 10807 3 дақиқа
Кеча, 1 октябрь куни АҚШда расмий равишда “шатдаун” бошланди – федерал ҳукумат янги молиявий йил учун бюджетни қабул қила олмаганидан кейин фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда “Sky News” хабар берди.
АҚШ ҳукумати деярли етти йилдан кейин илк бор тўхтаб қолди. Бунга сенаторларнинг федерал молиялаштиришни етти ҳафтага вақтинча узайтириш бўйича охирги дақиқадаги қонун лойиҳасида келишувга эриша олмагани сабаб бўлди. Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Сенат бири демократлар, иккинчиси республикачилар томонидан таклиф қилинган қисқа муддатли молиялаштириш бўйича иккита қонун лойиҳасини овозга қўйди, аммо иккаласи ҳам ҳукумат идораларини очиқ сақлаш учун зарур бўлган 60 овозни ололмади.
Бу даврда давлат муассасаларига маблағ сарфлаш тақиқланади, давлат хизматчиларининг аксарияти маош тўланмайдиган таътилга юборилади, муҳим аҳамиятга эга соҳаларда ишлайдиганлар (шифокорлар, чегара ходимлари, ҳарбийлар, транспорт ходимлари ва бошқалар) эса ишларини давом эттиради, бироқ маош ололмайди.
Бу деярли сўнгги етти йилдаги биринчи шундай ҳолат. Охирги йилларда АҚШ ҳукумати фақат қисман тўхтаб қолган, чунки конгрессменлар музокаралар давомида бир неча ойлик вақтинчалик бюджетлар (continuing resolution, CR) қабул қилиб келган эди.
Замонавий тарихда “шатдаун”лар ҳозиргиси билан бирга 22 марта содир бўлган. Энг узун шатдаун Трампнинг биринчи президентлиги даврида юз берган ва 35 кун давом этган – 2018 йил 22 декабрдан 2019 йил 25 январгача. Ўшанда маош тўланмайдиган таътилга юборилган бир қатор давлат хизматчилари озиқ-овқат ёрдами олишга мажбур бўлган, иш ҳақисиз ишлаётганлар эса оммавий равишда саломатлигини тиклаш таътилига чиқиб кетган. Ўшанда “шатдаун” АҚШ иқтисодиётига 3 миллиард доллар зарар келтирган. Республикачилар даврида эса энг қисқа “шатдаун” ҳам бўлиб ўтган. У атиги тахминан 5 соат давом этган.
“Шатдаун” (инглизча shutdown – “ўчириш, ёпилиш”) – бу АҚШда Конгресс бюджетни ўз вақтида қабул қилмагани сабаб давлат органларининг молиялаштирилиши тўхтаб қолиши ҳолати. У 1 октябрда, яъни янги молиявий йил бошланганида юз бериши мумкин. Агар шу муддатгача Конгресс бюджетни қабул қилмаса ва президент имзоламаса, давлат хизматчилари мажбурий, аммо маош тўланмайдиган таътилга юборилади. Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда айрим “муҳим” хизматлар ишини давом эттиради, фақат вақтинча ойликсиз. 2019 йилда қабул қилинган қонунга кўра, барча давлат хизматчиларига “шатдаун” тугагач, барча кунлар учун иш ҳақи тўлиқ ҳисоблаб берилади. Одатда “шатдаун”лар федерал харажатларнинг 25 фоизидан кўпроғига таъсир қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Конгресси ҳукумат фаолиятининг вақтинчалик тўхтатилишига (“шатдаун”) тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ эса Дональд Трамп мамлакатда ҳукумат иши тўхташи эҳтимоли борлигини, аммо буни ҳали ҳам олдини олиш мумкинлигини айтди.
Моҳичеҳра Қадамова
Live
Барчаси