АҚШ Афғонистон фуқароларига виза беришни тўхтатди

Олам

image

АҚШ Афғонистон фуқароларига виза беришни тўхтатди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Унинг айтишича, Қўшма Штатлар Афғонистон паспортига эга бўлган шахслар учун кириш визаларини беришни вақтинча тўхтатмоқда.

“Давлат департаменти Афғонистон паспорти билан саёҳат қилаётган шахсларга виза беришни дарҳол тўхтатади”, деб ёзди у.

У Давлат департаменти АҚШнинг миллий хавфсизлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чоралар кўраётганини қайд этган.

АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати (USCIS) директори Жозеф Эдлоу эса ўз навбатида муҳожирларга бошпана бериш бўйича қарорлар ҳар бир ариза берувчи энг юқори даражада текширилмагунча тўхтатилганини маълум қилган.

“USCIS бошпана бериш ҳақидаги барча қарорларни тўхтатди. Ҳар бир хорижий фуқаро имкон қадар тўлиқ текширувдан ўтгунга қадар қарор чиқарилмайди. Америка халқининг хавфсизлиги ҳар доим биринчи ўринда”, деб ёзди у Х тармоғидаги саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 ноябрь куни АҚШнинг Вашингтон шаҳрида, Оқ уйдан унча узоқ бўлмаган ҳудудда икки нафар Миллий гвардия хизматчиси отиб кетилганди. Кейинроқ эса отишмани уютирган шахс афғонистонлик экани маълум бўлди.

Ушбу ҳодиса ортидан мамлакат Президенти Дональд Трамп “ташвишга сабаб бўлувчи давлатдан келган ҳар бир чет элликнинг яшаш картасини тўлиқ ва пухта қайта текшириш” топшириғини берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ виза

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг