АҚШ ўз фуқароларини Эронни зудлик билан тарк этишга чақирди
Олам
−
10:10 3634 2 дақиқа
АҚШ фуқароларини Эрон Ислом Республикасини зудлик билан тарк этишга чақирди. Бу ҳақдаги огоҳлантириш Америка Қўшма Штатларининг Эрондаги элчихонаси томонидан эълон қилинди.
Идора маълумотларига кўра, ҳозирда Эронда хавфсизлик чоралари кучайтирилган, йўллар ёпилган, жамоат транспорти фаолияти издан чиққан ва интернет тармоғи блокланган.
“Эрон ҳукумати мобил алоқа, стационар алоқа ва миллий интернет тармоқларига киришни чеклашда давом этмоқда. Авиакомпаниялар Эронга ва Эрондан парвозларни чеклаш ёки бекор қилишни давом эттирмоқда. АҚШ фуқаролари интернет фаолиятидаги узилишлар давом этишини кутишлари, муқобил алоқа воситаларини режалаштиришлари ҳамда агар хавфсиз бўлса, Эрондан қуруқлик орқали Арманистон ёки Туркияга чиқиб кетиш имкониятини кўриб чиқишлари лозим”, дейилади хабарда.
Шундан сўнг элчихона Эрондан дарҳол чиқиб кетишни ёки АҚШ ҳукумати ёрдамига боғлиқ бўлмаган ҳолда Эрондан чиқиш режасини ишлаб чиқишни тавсия этган.
“Парвозлар жадвалидаги бекор қилишлар ва узилишлар олдиндан огоҳлантирилмасдан юз бериши мумкин. Энг сўнгги маълумотларни олиш учун тўғридан тўғри авиакомпанияларингизга мурожаат қилинг”, дея огоҳлантирган идора.
Шу билан бирга, ҳозирча мамлакатни тарк эта олмаётган фуқароларга ўз уйларида ёки бошқа бинода хавфсиз жой топиш тавсия этилган.
“Озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва бошқа зарур буюмларни захиралаб олинг. Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш учун маҳаллий ОАВни кузатиб боринг. Режаларингизни мослаштиришга тайёр бўлинг. Телефонингизни қувватланган ҳолда сақланг ва аҳволингиз ҳақида хабар бериш учун оила аъзоларингиз ҳамда дўстларингиз билан алоқани узманг”, дея маслаҳат берган элчихона.
Аввалроқ, ОАВ Форс кўрфази ҳудудига, Эрон қирғоқлари яқинига АҚШнинг авиаташувчи кемалар гуруҳи етиб келгани ҳақида хабар берган эди.
Бундан олдин эса Эрон парламенти депутатларидан бири АҚШ ҳарбий хизматчиларини Эронга нисбатан ҳарбий куч қўлланадиган бўлса, оилалари билан хайрлашишга чақирган эди.
Январь ойининг охирида эса АҚШ Президенти Эрон расмийларини ядровий келишув тузишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бугун, 6 февраль куни Уммонда Эрон ва АҚШ ўртасида ядровий музокаралар бўлиб ўтишини маълум қилганди.
Live
Барчаси