АҚШда ҳам айрим сўзлар тақиқланди
Олам
−
30 Сентябрь 6454 2 дақиқа
АҚШ Энергетика департаменти ходимларини “иқлим ўзгариши” атамаси ва “яшил” сўзидан фойдаланмасликка чақирди. Бу ҳақда департаментдан келган электрон хатга таяниб, “Politico” хабар берди.
Маълумотларга кўра, департамент ходимларига барча коммуникацияларда, жумладан, оммавий баёнотларда, ички ҳужжатларда ва федерал идораларга ҳисобот беришда ушбу сўзлардан фойдаланмасликни топширган.
Энергетика департаменти сўзларнинг тақиқланган рўйхатига “барқарор”, “барқарорлик”, “энергия алмашинуви”, “солиқ имтиёзи” ва “субсидия” каби атамаларни ҳам киритган.
“Департаментнинг ҳар бир аъзоси тақиқланган сўзларнинг янгиланган рўйхати билан танишиб чиқиши керак. Маъмуриятнинг истиқболлари ва устуворликларига мос келмайдиган ҳар қандай атамалардан қочишда давом этинг”, дейди департаментнинг ташқи ишлар бўйича директори Рейчел Овербей.
Кейинроқ департамент матбуот котиби Бэн Диетдерих бу сўзлар тақиқланмаганини айтиб, юборилган хабарнинг ҳақиқийлиги текширилишини таъкидлаган.
Қайд этиш жоиз, янги сиёсат АҚШ Президенти Дональд Трамп БМТ Бош Ассамблеясида дунё етакчиларини чиқиндилар (эмиссиялар) кўпайишини олдини олишда кўрган чоралари учун танқид қилганидан бир неча кун ўтиб эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакатда “гамбургер”, “караоке” ва “музқаймоқ” сўзларидан фойдаланишни тақиқлаган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси