АҚШда 47 та, Эронда 1500 га яқин ўлим жазоси ижро этилди

Бу қизиқ

image

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси 2025 йилда дунё бўйлаб қатл этишлар сони кескин ошганини қайд этди. Бу ҳақда ташкилот эълон қилган расмий статистика маълумотларида келтирилган.

Қайд этилишича, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк глобал миқёсдаги ўсишни асосан гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун ўлим жазоларининг кўпайиши билан изоҳлади.

“Бу нафақат халқаро ҳуқуққа зид, балки жиноятчиликнинг олдини олиш воситаси сифатида ҳам мутлақо самарасиздир”, дейди Тюрк.

Статистикага кўра, Эрон 2025 йилда камида 1500 кишини қатл этган бўлиб, уларнинг камида 47 фоизи гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун жазоланган.

Саудия Арабистонида ушбу даврда камида 356 нафар шахс қатл этилган. Бу кўрсаткич 2024 йилда қайд этилган аввалги рекорддан ҳам ошиб кетган. Қатл этилганларнинг 78 фоизи гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун ҳукм қилинган.

Тюркнинг айтишича, Саудия Арабистонида қатл этилганларнинг камида иккитаси вояга етмаган пайтида содир этилган жиноятлар учун судланган. Бу ҳолат, айниқса, бола ҳуқуқлари нуқтаи назаридан жиддий хавотир уйғотади.

Қўшма Штатларда 2025 йилда 47 та ўлим жазоси ижро этилган бўлиб, бу сўнгги 16 йилдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Мамлакатда 2024 йилда илк бор жорий этилган газ билан бўғиш усулининг кенгайтирилиши қийноқ ва шафқатсиз муносабат эҳтимоли борасида жиддий ташвишларга сабаб бўлмоқда.

Афғонистонда халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига зид равишда оммавий қатл қилиш амалиёти давом этган. Сомали ҳудудида камида 24 киши, Сингапурда эса 17 киши қатл этилган.

Хитой ва Шимолий Кореяда ўлим жазоси қўлланилиши тўлиқ махфий сақланиб келинаётгани сабабли аниқ статистик маълумотларни олиш мушкул. Беларусь эса миллий хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш тўғрисидаги қонунчилик доирасида ўлим жазоси қўлланиладиган жиноятлар рўйхатини кенгайтирди. Исроилда эса фақат фаластинликларга нисбатан татбиқ этилиши мумкин бўлган мажбурий ўлим жазосини жорий этишга қаратилган бир нечта қонунчилик ташаббуслари кўриб чиқилмоқда.

Шу билан бирга, ҳисоботда айрим мамлакатларда ижобий ўзгаришлар ҳам қайд этилган. Вьетнам ўлим жазоси белгиланган жиноятлар сонини қисқартирган. Покистон зўравонликсиз икки жиноятни ўлим жазоси қўлланиладиган жиноятлар рўйхатидан чиқарган, бироқ 29 та шундай модда сақланиб қолган. 

Зимбабве 2024 йил 31 декабрда зўравонликсиз жиноятлар учун ўлим жазосини бекор қилди. Кения эса ўлим жазоси билан боғлиқ қонунларни қайта кўриб чиқиш жараёнини бошлади. Малайзияда жазоларни қайта кўриб чиқиш натижасида қатл этилиши лозим бўлган шахслар сони минг нафардан ортиқ камайган.

“Ўлим жазоси жиноятчиликка қарши курашнинг самарали воситаси эмас ва бегуноҳ инсонларнинг қатл этилишига олиб келиши мумкин”, деди Тюрк. 

Унинг сўзларига кўра, амалда ўлим жазоси кўпинча қонун олдида тенглик тамойилларини бузган ҳолда, ўзбошимчалик ва камситиш асосида қўлланилади.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ўлим жазосини сақлаб қолаётган барча давлатларни дарҳол мораторий жорий этишга, мавжуд ҳукмларни енгиллаштиришга ҳамда ўлим жазосини тўлиқ бекор қилишга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Инсон ҳуқуқлари ўлим жазоси қатл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг