АҚШда кўча пойгасида қатнашган ўзбекистонлик “шоввозлар” ушланди (видео)
3-саҳифа
−
03 Июнь 3118 2 дақиқа
АҚШнинг Оҳайо штати Цинциннати шаҳрида ноқонуний кўча пойгалари ва автомобиль шоулари билан боғлиқ рейд давомида 6 нафар ўзбекистонлик қўлга олинди. Бу ҳақда шаҳарнинг маҳаллий WCPO нашри хабар берди.
Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, воқеа бугун, 3 июнь куни ярим тунда “Пейкор” стадиони ҳудудида содир бўлган. Стадион хавфсизлик хизмати автомобиллар пойгаси ва хавфли манёврлар амалга оширилаётгани ҳақида полицияга мурожаат қилган. Ҳодиса жойига етиб борган ҳуқуқ-тартибот органлари 6 кишини ҳибсга олган. Суд ҳужжатларида уларнинг барчаси ўзбекистонликлар экани қайд этилган.
Жумладан, 28 ёшли Темур Нурматов ноқонуний драг-пойга ташкил этиш ва хусусий ҳудудга ноқонуний киришда айбланмоқда. Маълумотларга кўра, у кулранг Ford Mustang автомобилида кўча пойгасини уюштирган ҳамда автомобиль ғилдиракларини айлантириб, асфальт юзасида излар қолдирган. Цинциннати полициясининг дрон бўлинмаси Нурматовни стадион ҳудудида қарийб 30 дақиқа давомида кузатган.
Суд ҳужжатларида яна 5 киши – 19 ёшли Мадина Эсенова, 23 ёшли Бекдилло Ҳамидуллаев, 21 ёшли Дилмурод Нурматов, 28 ёшли Аҳмаджон Валиев ва 23 ёшли Мумтозахон Забурова ҳам стадион ҳудудига ноқонуний кирганликда айбланаётгани қайд этилган.
Маълум қилинишича, полиция воқеа жойидан 5 та автомобилни жарима майдончасига олиб кетган. Стадион дарвозаси яқинида автомобиллар томонидан бажарилган хавфли айлана ҳаракатлар излари ҳам аниқланган.
Мазкур ҳодиса Цинциннати шаҳар кенгашида ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган. Ҳибсга олинган вақтдан бир неча соат ўтиб, шаҳарнинг Жамоат хавфсизлиги ва ҳаёт сифати қўмитаси ноқонуний кўча пойгаларига қарши фавқулодда қарор лойиҳасини бир овоздан маъқуллаган.
Таклиф қилинаётган янги қоидаларга кўра, ноқонуний пойгаларда қатнашган шахслар биринчи марта қоида бузган тақдирда 1 250 доллар, такрорий ҳолатда эса 2 500 доллар жаримага тортилади. Шунингдек, бундай тадбирларда қатнашган автомобиллар 6 ойгача мусодара қилиниши мумкин. Шаҳар кенгаши аъзолари кўча пойгалари жамоат хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани, шунингдек полиция ресурсларига катта юк бўлаётганини таъкидлаган. Фавқулодда қарор лойиҳаси энди Цинциннати шаҳар кенгашининг тўлиқ таркиби томонидан кўриб чиқилади. Агар ҳужжат қабул қилинса, у дарҳол кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Нью-Жерси штатида 26 ёшли Ўзбекистон фуқароси оилавий зўравонлик ва қурол билан боғлиқ жиноятларда гумонланиб ҳибсга олинган эди.
Live
БарчасиПашиняннинг қуши учмади
03 Июнь