АҚШда миллиардер Пентагонга 130 млн доллар хайрия қилди

Олам

image

Америкалик “якка яшовчи миллиардер” Тимоти Меллон Пентагонга 130 миллион доллар миқдорида хайрия қилди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.

“АҚШ ҳукуматига 130 миллион доллар миқдорида хайрия қилган аноним донор Тимоти Меллон – камдан-кам оммага кўринадиган миллиардер ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг йирик молиявий ҳомийси бўлиб чиқди. Маблағ ҳукумат фаолияти тўхтатилган пайтда ҳарбий хизматчиларга маош тўлаш учун ажратилган”, дейилади хабарда. 

Нашрнинг ёзишича, Меллон Трампнинг узоқ йиллик тарафдори ҳисобланади. Трамп аввалроқ номаълум инвесторни “ўзининг дўсти ва ватанпарвар” деб атаган.

Бунга қадар Пентагон жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Шон Парнелл идора 130 миллион долларлик аноним хайрияни қабул қилганини маълум қилган. Маблағ федерал ҳукумат ишининг вақтинча тўхтатилиши, яъни “шатдаун” даврида ҳарбий хизматчиларнинг маоши ва тўловларини қоплаш учун ишлатилиши белгиланган.

“Bloomberg” ҳисоб-китобига кўра, бу маблағ АҚШ Қуролли кучларининг 1,3 миллион фаол ҳарбий хизматчисига мўлжалланган умумий харажатларнинг фақат кичик қисмини қоплашга етади. 2025 йил сентябрь ойида Пентагон фақат маошлар учун тахминан 9,8 миллиард доллар сарфлаган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда 1 октябрдан бошлаб ҳукумат фаолияти тўхтатилганди, чунки Сенат янги бюджет лойиҳасини тасдиқлай олмади. Бунга сабаб – соғлиқни сақлаш дастурларини молиялаштириш масаласида демократлар ва республикачилар ўртасидаги келишмовчиликлар бўлди. Шундай қилиб, мамлакат тарихидаги 22-“шатдаун” бошланди. Бу Дональд Трамп президентлиги даврида тўртинчиси ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Пентагон хайрия Тимоти Меллон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг