Алиев Путиннинг машваратига боришдан бош тортди
Олам
−
22 Декабрь 16931 1 дақиқа
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бугун, 22 декабрь куни Россиянинг Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган МДҲ норасмий саммитида қатнашмайди. Бу ҳақда “АзерТаж” давлат ахборот агентлиги Озарбайжон раҳбари девонига таяниб хабар берди.
Алиевнинг саммитга келмаслиги тиғиз кун тартиби билан боғлиги айтилган.
“Давлат раҳбари бугун Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган МДҲнинг норасмий саммитида иш жадвали бандлиги сабабли қатнаша олмайди”, дейилади баёнотда.
Баёнотда Озарбайжон МДҲнинг расмий саммитларида мунтазам равишда иштирок этиши ва Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликка, жумладан, аъзо давлатлар билан икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга катта аҳамият бериши қайд этилган.
Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Кремль Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг бандлиги сабабли Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган МДҲ саммитида қатнаша олмаслигини тушунади.
“Биз тўлиқ тушуняпмиз. Дарҳақиқат, давлат раҳбарларининг жадвали жуда банд, айниқса, декабрь ойида, Янги йил арафасида”, дейди у.
МДҲ ҳозирда 11 та давлатдан иборат: Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина, бироқ Молдова ва Украина ташкилот ишида иштирок этмагани учун узоқ вақтдан бери номинал аъзолар бўлиб келган.
Live
Барчаси