Алламжонов янги лавозимга тайинланди
Жамият
−
27 Сентябрь 35136 2 дақиқа
Комил Алламжонов АҚШда жойлашган Жорж Вашингтон университети ҳузуридаги Европа, Россия ва Евросиё тадқиқотлари институти (IERES) Марказий Осиё дастурининг (CAP) махсус маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда университет саҳифасида хабар берилди.
“IERES ҳузуридаги Марказий Осиё дастури (CAP) махсус маслаҳатчи сифатида жаноб Комил Алламжоновнинг тайинланганини мамнуният билан эълон қилди. Жаноб Алламжонов – ўзбекистонлик тадбиркор ва медиа соҳаси мутахассиси бўлиб, оммавий ахборот воситалари, таълим ва нашриёт соҳаларида тажрибага эга”, дейилади хабарда.
CAP директори Себастьян Пейруз ушбу тайинлов CAP’нинг олимлар ва амалиётчилар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёдаги ислоҳотлар ва кенгроқ жараёнларга оид чуқур таҳлилий фикрларни тақдим этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини акс эттиришини таъкидлаган.
“Марказий Осиё учун бу ҳал қилувчи давр. Сўз эркинлигини илгари суришга содиқ инсон сифатида минтақани яхшироқ тушунишга ва сўз эркинлигининг бутун дунё раҳбарлари ва академиклари орасида тутган муҳим ролини ёритишга ўз ҳиссамни қўшишдан мамнунман”, деган Алламжонов.
Маълумот учун, Жорж Вашингтон университети 1821 йилда ташкил этилган ва АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида жойлашган. У мамлакатдаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, айниқса халқаро алоқалар, сиёсат, ҳуқуқшунослик, тиббиёт ва бизнес йўналишлари билан машҳур. Асосий кампус Оқ уй ва Конгресс биносига жуда яқин. Бу жойлашув талабаларга БМТ, Жаҳон банки, Халқаро Валюта Фонди ва турли элчихоналар каби халқаро ташкилотларда тажриба олиш имконини беради. Ҳозирда тахминан 25 минг нафар талаба таҳсил олади, уларнинг катта қисми чет эллик талабалар. Университет ўзининг кучли профессор-ўқитувчилари, илмий изланишлари ва сиёсат ҳамда дипломатия соҳасидаги имкониятлари билан ажралиб туради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Исмоилович Алламжонов Президент Администрацияси раҳбарининг жамоатчилик асосида мустақил маслаҳатчиси этиб тайинланганди.
Live
Барчаси