Англия футболчилари ЖЧда захира ўриндиғида бўлмаслиги мумкин
Спорт
−
05 Декабрь 1085 2 дақиқа
Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухель агар ҳавонинг ҳарорати жуда юқори бўлса, Жаҳон чемпионати пайтида ўз захира футболчиларини кийиниш хонасида қолдириши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда “Тhе Guardian” нашри хабар берди.
“Бу ҳеч кимга ёқмайди, чунки мен футболчиларнинг у ерда бўлишини, энергияни ҳис қилишини ва захира ўриндиғидан майдонга олиб чиқилишини хоҳлайман. Лекин мен клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида буни қилган футболчиларни кўрдим. Агар бу ўйинчиларга кейинчалик ўйинда ёрдам берса, биз буни кўриб чиқишимиз керак”, деди Англия терма жамоаси бош мураббийи.
Жорий йилнинг июнь ойида АҚШда ўтказилган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида жазирама иссиқ жиддий ташвиш туғдирган, тиббиёт мутахассислари ва футболчилар касаба уюшмалари иссиқлик стресси, сувсизланиш ва тикланиш вақтларининг секинлашиши ҳақида огоҳлантириш берган эди.
Тухель бу шароит юқори даражадаги футбол учун муаммоли бўлишини тан олиб, АҚШ, Канада ва Мексика ҳамкорлигида ўтказиладиган ЖЧ-2026 ўйинларида футболчиларнинг шиддатига таъсир кўрсатишини айтиб ўтди.
“21°Cдаги каби 45°Cда ҳам худди шундай футбол ўйнаб бўлмайди. Биз футболчиларни имкон қадар мослаштиришимиз ва тайёрлашимиз керак”, дейди Томас Тухель.
Маълумот учун, Англия терма жамоаси саралаш босқичидаги саккизта ўйинда ғалаба қозониб, 22 гол урди ва бирорта ҳам гол ўтказиб юбормаган ҳолда мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Турнирнинг гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросимида Англия биринчи саватчадан ўрин эгаллайди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь