Англиянинг энг қадимги жамоаларидан бири банкротлик жараёнини бошлади
Спорт
−
25 Октябрь 5459 2 дақиқа
Англия футболининг энг қадимий жамоаларидан бири “Шеффилд Уэнсдей” клуби молиявий қийинчиликлар сабабли банкротлик жараёнини бошлади. Клуб 24 октябрь куни судга банкротлик тўғрисида ариза топширди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Англия футбол лигаси (EFL) жорий йилнинг июнь ойида клубни ўйинчиларга маошни ўз вақтида тўламаганлик ва бир нечта молиявий қоидаларни бузганликда айблаган эди.
2023–2024 йилги мавсумда Чемпионшипдаги 24 клуб умумий ҳисобда 411 миллион фунт стерлинг миқдорида зарар кўрган. “Шеффилд Уэнсдей”нинг ўзи сўнгги ҳисоботда 9,3 миллион фунт стерлинглик зарар кўрганлиги қайд этилган.
Клуб ҳозирда турнир жадвалининг энг пастки поғонасида жойлашган ва 12 очколик жарима туфайли лигадан тушиб кетиш хавфи остида. Шунга қарамай, ўтган мавсумда ўртача 26 минг томошабин клуб ўйинларини кузатиш учун стадионга ташриф буйирган.
“Шеффилд Уэнсдей”ни 2015 йилда Чансири оиласи сотиб олган эди. У дастлаб жамоани Премьер-лигага олиб чиқишни мақсад қилган, аммо орадан бир неча йил ўтиб, натижалар кескин ёмонлашган.
Маълумот учун, “Шеффилд Уэнсдей” Англиянинг энг қадимий футбол клубларидан бири бўлиб, ўз тарихида 4 марта Англия чемпионлигини, (1902–03, 1903–04, 1928–29, 1929–30 йиллар) 3 марта мамлакат Кубогини (1896, 1907, 1935) ва 1991 йилда Лига Кубогини ютган. Клуб ўзининг энг йирик муваффақият даврини 20-асрнинг биринчи ярми ҳамда 1990 йилларда бошдан кечирган.
Live
Барчаси