Ангрендаги даҳшатли ЙТҲ қурбонлари сони ошди

3-саҳифа

image

7 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ҳудудидан ўтган А-373 “Тошкент-Ўш” халқаро автомобиль йўлида бир нечта транспорт воситалари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ва бунинг оқибатида 7 киши ҳалок бўлгани ҳабар қилинганди. Эндиликда ЙТҲ қурбонлари сони ошгани маълум бўлди. Бу Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг 9 сентябрда имзоланган фармойишида ўз аксини топди.

Қайд этилишича, Ангрендаги мудҳиш воқеада 11 киши ҳалок бўлган. ЙТҲ оқибатида 6 киши турли даражада тан жароҳатлари олиб, шифохонага жойлаштирилган. 

Фармойишда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ва тегишли ташкилотлар ЙТҲ оқибатида вафот этганларнинг шахсига аниқлик киритиши, уларнинг оила аъзоларига ҳамда жабрланганларга тиббий, моддий, психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиши белгиланган. Ҳалок бўлганларнинг дафн маросимлари билан боғлиқ комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши қайд этилган. Жароҳат олганларга Ангрен шаҳар тиббиёт бирлашмасида зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётгани билдирилган.

ЙТҲнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилган ҳолда келгусида шу каби ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида йўл-транспорт инфратузилмасини хатловдан ўтказиш ҳамда илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, уларни такомиллаштириш, шунингдек, юк ташиш қоидаларини қайта кўриб чиқиш бўйича асосланган таклифлар тайёрлаш топширилган.

Ички ишлар вазирлиги воқеа содир бўлган куни 7 киши ҳалок бўлгани, 5 нафари тиббиёт муассасаларига ётқизилгани, 4 нафар шахсга тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилганини маълум қилганди.

Шунингдек, вазиятни тўлиқ ўрганиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда оғир оқибатларга олиб келган шарт-шароитларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли давлат органларининг мутахассисларидан иборат Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган бўлиб, воқеа тафсилотлари ўрганилиши билдирилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари бошланган.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙТҲ Ангрен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг