АПЛ собиқ ҳаками 9 ойлик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Спорт
−
09 Январь 1661 1 дақиқа
Англия Премьер-лигасининг собиқ ҳаками Дэвид Кут вояга етмаган боланинг номақбул видеосини суратга олгани учун тўққиз ойлик шартли қамоқ жазоси ҳамда икки йиллик дисквалификация билан жазоланди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, 2025 йил сентябрь ойида Кут вояга етмаган бола иштирокидаги номақбул видеони суратга олишда айбланган. Мазкур ҳодиса 2020 йил январь ойида содир бўлган.
Шунингдек, 43 ёшли собиқ ҳакам 2024 йил декабрь ойида ижтимоий тармоқларда Юрген Клоппни ҳақорат қилгани ва Евро-2024 турнири вақтида гиёҳванд моддалар истеъмол қилгани акс этган видеолар тарқалганидан сўнг Англия Премьер-лигаси ўйинларини ҳакамлик қилишдан четлаштирилган. Шахсий суҳбатда у немис мутахассиси ва мерсисайдликлар клубини ҳақорат қилган.
Кейинчалик собиқ ҳакам гиёҳванд моддалар истеъмол қилганини ҳам тан олган. Ушбу ҳолатлар унинг профессионал фаолияти якунланишига сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сербиялик таниқли баскетбол ҳаками Урош Николич халқаро полиция операцияси давомида уюшган жиноятчилик гуруҳига алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди.