Ар-Риёдда АҚШ-Кўрфаз саммити бошланди

Олам

image

Бугун, 14 май куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида Америка Қўшма Штатлари ва Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши саммити бошланди. Тадбирнинг расмий қисмини Саудия Арабистонининг “Al Ekhbariya” давлат телеканали намойиш этди.

Учрашув АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Саудия Арабистонига ташрифи муносабати билан ўтказилди, бу Америка маъмурияти раҳбари Яқин Шарқ бўйлаб сафари доирасида ташриф буюрган биринчи давлат бўлди.

Саммит олдидан Трамп Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан ҳам музокаралар ўтказди. АҚШ ва Сурия етакчиларининг Ар-Риёддаги учрашуви сўнгги 25 йилдаги илк учрашув бўлди.

Саммитда Трампнинг ўзидан ташқари Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд, Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Баҳрайн қироли Ҳамад бин Исо ал-Халифа, Қувайт амири Шайх Машаал ал-Аҳмед ал-Жобир ас-Сабоҳ, Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси БАА Президентининг тўнғич ўғли Холид бин Муҳаммад Ол Наҳаён, шунингдек, Уммон Бош вазири ўринбосари Шайх Асад бин Тариқ Ол Саид иштирок этмоқда. Учрашув иштирокчилари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги қатор масалаларни муҳокама қилишлари кутилмоқда.

Саммит мавзулари, хусусан, Украинадаги можаролар, шунингдек, Ғазо сектори, Ливан, Судан ва Ямандаги можароларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, АҚШ ва Форс кўрфази давлатлари раҳбарлари иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.

Трамп Саудия Арабистонига давлат раҳбари лавозимига киришганидан кейин биринчи давлат ташрифи билан келди. Яқин Шарққа сафари доирасида АҚШ Президенти Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига ҳам ташриф буюради. 

Ташрифнинг биринчи кунида АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида умумий қиймати 600 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувлар ва сармоявий мажбуриятлар тўплами имзоланди. Оқ уй баёнотига кўра, бу икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик тарихидаги энг йирик иқтисодий битимдир.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Саудия Арабистони Ар-Риёд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг