Ар-Риёддаги АҚШ элчихонаси ҳужумга учради (видео)

Олам

image

Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида жойлашган АҚШ элчихонаси ҳудудида портлашдан кейин ёнғин чиқди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.

N12 телеканали Telegram саҳифасида юқори лавозимли америкалик амалдорга таяниб, Саудия Арабистонидаги АҚШ элчихонаси эҳтимол дрон ёрдамида ҳужумга учраганини маълум қилган.

Кейинроқ мамлакат Мудофаа вазирлиги Х ижтимоий тармоғидаги баёнотида, дастлабки маълумотларга кўра, дипломатик ваколатхона икки учувчисиз учиш қурилмаси билан нишонга олинган ва шундан сўнг кичик ёнғин юз берган. Вазирлик маълумотига кўра, етказилган зарар катта эмас.

“Fox News” мухбири Женнифер Гриффин Х тармоғида манбага таяниб ёзишича, ҳужум эҳтимол Эрон дронлари томонидан амалга оширилган. Воқеа пайтида элчихонада ҳеч ким бўлмаган ва жабрланганлар йўқ. Эрон учувчисиз қурилмалари зарбаси ҳақида CNN ҳам хабар берган.

Элчихона ўз баёнотида Жидда, Ар-Риёд ва Дахрон шаҳарларидаги америкаликларни “зудлик билан турган жойида паноҳ топиш” ва минтақадаги ҳар қандай ҳарбий обектларга сафар қилмасликка чақирган.

2-март куни Қувайтдаги АҚШ дипломатик ваколатхонаси биноси устида тутун кўтарилгани ҳақида “Reuters” хабар берган эди. Кейинроқ элчихона Қувайт ҳудудида “ракета ва дрон ҳужумлари доимий таҳдиди” мавжудлигини билдириб, ходимлар хавфсиз жойда эканини маълум қилган.

АҚШ–Исроил–Эрон уруши

Кеча, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.

Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига “иммунитет” олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.

Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.

Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.

Аввалроқ, Эрон давлат телевидениеси Хоманаий Исроил ва АҚШ томонидан ўлдирилганини хабар қилган эди. Эроннинг “Tasnim” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, у кеча, 28 февраль куни эрталаб ўз ишхонасида ўлдирилган. Оятуллоҳнинг вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб 40 кунлик умумхалқ мотами ва 7 кунлик умумхалқ дам олиш кунлари эълон қилинди.

Шунингдек, Эрон ҳудудига уюштирилган ҳужум чоғида Оятуллоҳнинг оила аъзоларидан тўрт киши – қизи, куёви, набираси ва келинларидан бири ҳам ҳалок бўлган.

Қайд этиш жоиз, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ислом Республикаси Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти тасдиқланганидан сўнг, мамлакат “Қуролли кучлари тарихидаги энг шиддатли ҳужум операцияси” бошланганини маълум қилганди.

Шундан сўнг, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакат Исроил ва АҚШга қарши янги ҳужумлар бошланганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Саудия Арабистони Ар-Риёд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made