Авиация кучлари ва ҳаво мудофаасини ривожлантириш керак – Путин
Олам
−
27 Ноябрь 3192 3 дақиқа
Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти (КХШТ) доирасида авиация кучлари ва ҳаво ҳимояси тизимини ривожлантириш масалалари алоҳида эътибор талаб қилади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин бугун, 27 ноябрь куни Бишкекда Коллектив хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида маълум қилди.
“Ташкилотнинг авиация кучлари ва ҳаво мудофаа тизимини ривожлантириш масалалари алоҳида эътиборга лойиқ, деб ҳисоблаймиз”, дея таъкидлади Россия Президенти.
Билдирилишича, Россия махсус хизматлар ва ҳарбий бўлинмаларни тайёрлаш бўйича қатор қўшма тадбирларни ўтказишни режалаштирмоқда. Улар орасида навбатдаги “Взаимодействие”, “Эшелон”, “Поиск” машғулотлари ҳам бор.
“Тинчликпарвар кучларни жалб этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича ҳам кўп иш қилиш лозим. Россиянинг раислиги давридаги асосий устувор вазифалардан бири КХШТнинг ҳарбий соҳада технологик лидерлигини таъминлашда давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдир. Айниқса, мудофаа-саноат корхоналари кооперациясини чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратамиз”, деди Путин.
Путиннинг сўзларига кўра, Россия КХШТнинг коллектив кучларидан замонавий ҳарбий тиббиёт ютуқларини фойдаланишни ҳам қўллаб-қувватлайди.
“Албатта, иштирокчи давлатларга санитар-эпидемиологик барқарорликни таъминлашда, хавфли касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва уларга жавоб чораларини кўришда ёрдам беришни давом эттирамиз. 2021 йилда Россия ташаббуси билан тузилган биохавфсизлик бўйича координация кенгаши фаолияти самарадорлигини оширишга умид қиламиз”, деди у.
Президент Путиннинг таъкидлашича, КХШТнинг кейинги йиғилишида ушбу соҳадаги вазият ҳақида кенгаш раҳбариятининг ҳисоботини эшитиш зарур. Кейинги саммит эса 2026 йил 11 ноябрда Москвада бўлиб ўтади.
Унинг айтишича, Россия Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилотига раислик қилиши даврида ташкилотнинг янги антитеррористик стратегиясини биргаликда тайёрлашни бошлаш ниятида.
“Раислик даврида КХШТнинг янги антитеррористик стратегиясини биргаликда тайёрлашни бошлашни режалаштирмоқдамиз. Экстремизмга қарши қатъий курашни давом эттириш учун зарур бўлган барча чораларни кўришимиз керак”, деди Путин.
Президентнинг қўшимча қилишича, Москва ташкилот шериклари билан биргаликда халқаро террористик гуруҳлар ва уларнинг бўлинмаларини аниқлаш ҳамда йўқ қилиш, уларни молиялаштириш каналларини тўсиш устида ишлашда давом этади.
Ташкилот фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида Россия раҳбари ахборот хавфсизлигини келтирди.
“Россия томони ёшлар муҳитида радикал ғояларнинг тарқалишига йўл қўймаслик учун иттифоқдошлар билан яқин ҳамкорлик қилиш ниятида. Умумий ахборот маконимизни бундай таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чоралар кўриш зарур, деб ҳисоблаймиз”, деди давлат раҳбари.
Россия, Путиннинг таъкидлашича, наркотрафикка қарши кураш бўйича ҳам ҳамкорликни янада кучайтиришга интилмоқда.
“Қизиқиш билдирган халқаро иштирокчиларни жалб этган ҳолда, “Канал” номли антинаркотик операцияни давом эттирамиз”, дея қўшимча қилди у.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь