Австралия тарихида илк аёл қўмондон тайинланди
Олам
−
13 Апрель 2910 2 дақиқа
Австралия ҳукумати генерал-лейтенант Сьюзан Койлни мамлакат Мудофаа кучлари қўмондони этиб тайинлади. У Австралия мустақилликка эришганидан буён мамлакат армиясига қўмондонлик қиладиган илк аёлга айланди. Бу ҳақда Австралия Мудофаа вазирлигига таяниб, “Al Jazeera” хабар берди.
Австралия Мудофаа кучларининг расмий ахборотига кўра, заҳира қўшинлари корпуси раҳбари Сьюзан Койл мамлакат Мудофаа кучлари бош қўмондони этиб тайинланган. У собиқ қўмондон Саймон Стюартнинг истеъфога чиқиши муносабати билан унинг ўрнини эгаллади.
Койл қарийб 40 йиллик ҳарбий фаолияти давомида Австралия Мудофаа кучларининг Афғонистон ва Яқин Шарқдаги базаларида юқори лавозимларда ишлаган. Жумладан, Қўшма Штатлар билан ҳамкорликда Афғонистондаги йирик ҳарбий операцияларда иштирок этган ва уларга раҳбарлик қилган. Мамлакат Бош вазири Энтони Альбанезенинг таъкидлашича, ушбу лавозимга аёлнинг тайинланиши армияда аёл офицерлар сонининг ошишига хизмат қилади.
“Биз тарихимизда илк бор аёлни армия қўмондони этиб тайинладик. Сьюзаннинг ютуғи келажакда мамлакатимиз армиясида хизмат қилишни истаган аёллар учун катта туртки бўлади”, дейди Бош вазир.
Ҳозирда мамлакат Мудофаа кучларидаги юқори лавозимларнинг 18,5 фоизини аёллар эгаллаб турибди. Ҳукумат 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 25 фоизга етказишни мақсад қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Данияда 18 ёшга тўлган аёллар учун ҳам мажбурий ҳарбий хизмат жорий этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Ҳожиакбар Муҳаммаджонов
Live
БарчасиСирдарёда сохта МИБ ходими қўлга тушди
16 Апрель