Бахтиёр Саидов “Толибон” вазири билан гаплашди
Жамият
−
02 Ноябрь 4802 1 дақиқа
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун, 2 ноябрь куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Амир Хон Муттақий билан телефон мулоқоти ўтказди. Бу ҳақда вазир ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
“Суҳбатимиз чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама кун тартиби ва минтақавий жараёнлар юзасидан фикр алмашдик. Ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга оид ўзаро садоқатимизни яна бир бор тасдиқладик”, деб ёзади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.
Билдирилишича, суҳбат давомида мулоқот ва дипломатия мавжуд чақириқларга ечим топишда ҳамда ўзаро тушунишни мустаҳкамлашнинг энг самарали воситаси экани алоҳида таъкидланган.
Афғонистон ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Мавлавий Амир Хон Муттақий Афғонистон ҳукумати минтақадаги дипломатия ва тушунишга устувор аҳамият бераётганини таъкидлаган ва барча қўшни давлатлар билан ўзаро ҳурмат, аралашмаслик ва конструктив алоқалар асосида муносабатлар ўрнатишни хоҳлаётганини айтган. У, шунингдек, Ўзбекистон каби минтақадаги давлатлар билан ижобий муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган ва ҳар қандай аралашувдан кўра, тушуниш, иқтисодий ҳамкорлик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаган.
Live
Барчаси