Бандлик вазирлигига қўшимча вазифалар юкланди
Жамият
−
19 Февраль 4814 3 дақиқа
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига қўшимча вазифа ва функциялар юкланди. Бу ҳақда Президентнинг жорий йил 14 февраль куни қабул қилинган “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Фармонга кўра, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Ўзбекистон фермерлари кенгаши этиб қайта номланди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларини ривожлантириш билан боғлиқ қуйидаги қўшимча вазифа ва функциялар юкланди, жумладан:
- аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликларидаги ер майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ва уларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисобини юритиш ҳамда “Online mahalla” платформасида аниқ ва батафсил маълумотлар базасини шакллантириш;
- туман ва маҳаллаларнинг ихтисослашув бўйича салоҳият ва имкониятларидан келиб чиқиб, томорқаларда юқори даромадли маҳсулотлар етиштиришни яшил ва инновацион ёндашувлар асосида ташкил этиш орқали аҳолининг юқори даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш ва уларни камбағалликдан чиқариш.
Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кенгаш тузилди. Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузурида Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Шунингдек, фармонга кўра, Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш тартиблари жорий этилади:
- ҳар йили 500 та маҳаллада биттадан аҳоли томорқасида амалга оширилган энг намунали ва инновацион лойиҳа учун БҲМнинг 100 бараваридан ошмаган миқдорда грантлар ажратилади;
- уста деҳқонлар томонидан қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун ҳар бир курс учун БҲМнинг 15 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади;
- муайян маҳалладаги 50 фоиз хонадонларнинг томорқасида экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйиб берган уста деҳқонларга 100 миллион сўмгача субсидия ажратилади;
- томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари ҳамда уларга хизмат кўрсатувчи субъектларга тижорат банклари орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни қайта ишлаш, қуритиш, сақлаш ва қадоқлаш лойиҳалари учун 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада (шундан 5 фоиз банк маржаси) кредитлар ажратилади;
- аҳоли томорқалари ва ижара ерларида ихчам музлаткичли омборхоналар, қадоқлаш, қуритиш ва қайта ишлаш ускуналари, тайёр ҳолдаги иссиқхоналар 24 ойлик имтиёзли давр билан 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан лизингга берилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган томорқада ва ижарага берилган экин ерларида даромадли маҳсулот етиштиришнинг янги тизими бўйича йиғилишда бу йил картошкачиликни ривожлантириш учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 400 миллиард сўм йўналтирилиши хабар қилинганди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь