Беларусь АҚШ билан маҳбуслар бўйича музокара бошлади
Олам
−
26 Ноябрь 1033 2 дақиқа
Беларусь резиденти Александр Лукашенко АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти билан яқинлашиш ҳаракатларини кучайтирмоқда ва бунинг учун камида яна 100 нафар сиёсий маҳбусни озод этишга тайёрланаётгани айтилмоқда. Бу ҳақда Минск ва Вашингтон ўртасидаги музокаралар бўйича вазиятни биладиган учта манбага таяниб, “Reuters” хабар берди.
Лукашенко бу йил бир неча босқичда ўнлаб маҳбусларни, жумладан, таниқли мухолифатчи Сергей Тихоновский ва хорижликларни озод қилган. Энди эса америкалик расмийлар битта келишув доирасида 100 дан ортиқ одамнинг озод қилинишига эришмоқчи. Бу масала сўнгги кунларда муҳокама қилинган. Бироқ икки ҳафта аввал Дональд Трамп 50 кишининг “озод этилишига интилаётгани”ни билдирган.
Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари маълумотига кўра, Беларусь қамоқхоналари 1000 дан ортиқ сиёсий маҳбусни ўз ичига олади. Уларнинг орасида президентликка собиқ номзодлар ва Нобель мукофоти совриндорлари ҳам бор. Кимлар озод қилиниши ва қачон бу содир бўлиши ҳозирча номаълум.
Трамп Беларусь бўйича махсус элчи этиб ўзининг собиқ адвокати Жон Коулни тайинлаган. У жорий йилнинг сентябрь ойида 52 нафар сиёсий маҳбуснинг озод этилиши бўйича Лукашенко билан келишувга эришишда ёрдам берган. Баъзи америкалик амалдорларнинг сўзларига кўра, Трамп маъмуриятининг Беларусь билан ҳозирги алоқалари унинг Россия билан боғлиқлигини сусайтириш ва имкон қадар уни Москванинг геосиёсий таъсир доирасидан узоқлаштиришга қаратилган узоқ муддатли ва кенгроқ стратегиянинг бир қисми ҳисобланади.
Аммо Литва Ташқи ишлар вазири Кястутис Будрисга кўра, сўнгги икки ой ичида Беларусдан Литвага метеорологик шарлар ёрдамида контрабанда кўламининг ошиши Минскнинг АҚШ билан келишувга эришиш имкониятларини заифлаштириши мумкин. Унинг айтишича, бу ҳаракатлар НАТО ва Евроиттифоқ аъзосига нисбатан гибрид ҳужум билан баробар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларуслик Александр Лукашенко 31 нафар Украина фуқаросини афв этганди. Қарор Дональд Трамп ва Лукашенко ўртасидаги келишувлар доирасида, шунингдек, “Украина томонининг илтимоси асосида – Россиянинг Украинага қарши урушида келишувга эришиш учун шарт-шароит яратиш мақсадида” қабул қилинган.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь