Бепарволик баҳоси: қуёшда қолдирилган сув рак чақиради

Саломатлик

image

Озиқ-овқат маҳсулотларини санитария-гигиена талабларига риоя қилинмаган ҳолатда сақлаш, инсон саломатлигига катта хавф туғдиради. Ёз ойларида бу ҳолат янада кескинлашади, чунки юқори ҳарорат ва намлик патоген микроорганизмларнинг кўпайиши учун қулай муҳитдир. Афсуски, кундалик ҳаётда оддий кўринган бепарволик, масалан, истеъмолга тайёр маҳсулотнинг узоқ вақт очиқ ҳавода туриши, қайта-қайта совитилиши каби ҳолатлар кўплаб касалликларнинг бошланиш нуқтасига айланади. Улар орасида саратоннинг ҳам борлиги вазиятнинг нақадар жиддий эканини англатади.

Тўғри сақланмаган маҳсулотлар заҳарга айланади

Мутахассислар таъкидича, озиқ-овқат маҳсулотларини нотўғри сақлаш, бактериал, вирусли ёки токсик озиқ-овқат инфекцияларининг пайдо бўлишига олиб келади. Бу касалликлар орасида энг кўп учрайдиганлари сальмонеллёз, кампилобактериоз, листериоз, ботулизм ва стафилококкли токсикоздир. Уларнинг ҳар бири маълум бир маҳсулот билан боғлиқ бўлиб, санитария қоидаларига амал қилинмаган тақдирда тезда юзага чиқади. Масалан, сальмонеллёз бактерияси тухум, гўшт ёки сут маҳсулотлари орқали юқади, листерия эса хом пишлоқ ёки тайёр гўшт маҳсулотларида яшайди. Ботулизм эса уйда нотўғри тайёрланган консерва маҳсулотларида учрайди. Парранда гўшти ёки хом сутдан кампилобактериоз, нотўғри сақланган пишириқ ва салатлардан эса стафилококкли токсикоз юқиши мумкин.

Айниқса, ёз кунларида гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, тухум қўшилган таомлар, салатлар ва шарбат каби тез бузилувчи маҳсулотлар ҳароратга жуда сезгир бўлиб, нотўғри шароитда сақланса, уларда зарарли микрофлора ниҳоятда тез ривожланади. Устига устак, баъзида маҳсулот айниганини истеъмолчи кўз билан аниқлай олмайди. Оқибатда саломатликка жиддий зарар етади.

Пластик идишлар қуёш тиғида янада зарарли

Бугунги кунда кенг тарқалган яна бир муаммо пластик идишлардаги салқин ичимликларнинг нотўғри сақланишидир. Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти етакчи мутахассиси Азизбек Холматовнинг QALAMPIR.UZ’га билдиришича, пластик идишларда қадоқланадиган кўплаб ичимликлар намлик даражаси 75 фоиздан ошмайдиган, 2-18 °C ҳароратда, ёруғликдан ҳимояланган ҳолда сақланиши лозим. Чунки қуёш нурлари таъсирида пластик идиш таркибидан бисфенол А, формальдегид, фталат ва бошқа токсик моддалар ажралиб чиқади.

Бу моддаларнинг организмга таъсири эса асаб, овқат ҳазм қилиш, қон айланиш, эндокрин ва репродуктив тизимларга зарар етказади. Энг хавфлиси – улар организмда тўпланиш хусусиятига эга.

“Шунингдек, бундай моддалар мия ва репродуктив тизимда тўпланиб, организм учун муҳим бўлган оқсил ва ёғ алмашинувини бузади. Бу ҳолат ҳатто саратон касалликларининг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин”, дейди Азизбек Холматов.

Пластик идишдаги газли ва рангли ичимликлар яна шунинг учун хавфлики, улар сунъий бўёқ, консервант ва таъм берувчилар билан тўлдирилган. Улар қуёш нури таъсирида кимёвий ўзгаришга учраб, инсон организмида аллергик реакциялар, жигар ва буйрак фаолиятида муаммолар, болаларда эса диққат етишмовчилиги каби асоратларни келтириб чиқаради.

Хитойнинг Жинан университети олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотда қуёш тиғида қолдирилган олти турдаги пластик сув идишларидан ажралиб чиқадиган учувчан органик бирикма (VOC)лар таҳлил қилинди. Натижалар шуни кўрсатдики, идишларнинг барчасидан алканлар, алкенлар, спиртлар, альдегидлар ва кислоталардан иборат мураккаб VOC аралашмаси ажралган, шунингдек, турли қадоқларда бу бирикмалар миқдори ва таркиби сезиларли даражада фарқланган.

Айниқса, саратон чақирувчи токсик бирикмалар аниқлангани соғлиқ учун жиддий хавфларни кўрсатади. Пластик идишлар қуёшда узоқ вақт сақлангани сари VOCлар миқдори ортади, бу эса вақт ўтиши билан соғлиққа бўлган кумулятив хавфни кучайтиради.

Тадқиқот раҳбари доктор Хуаз Оу шундай дейди:

“Тадқиқотимиз пластик қадоқлар қуёш нурида қолганида соғлиқ учун хавфли токсик бирикмалар ажралиб чиқишини аниқ исботлайди”.

Аммо муаммони яна ҳам қатъийлаштирувчи бир ҳолат мавжуд, гап шундаки, қуёш тиғида бир неча соат, ҳатто суткалаб қолиб кетган ичимликлар совутгичда қайта совитилиб, сотилмоқда. Бу эса харидорда гўёки “ҳаммаси жойида” деган тасаввурни уйғотади. Бироқ шунчаки совитиш муаммони бартараф этмайди. Омборхонаси мавжуд бўлмаган кўча-кўйдаги дўконлар маҳсулотларни ҳеч қандай ташвишсиз ташқарида қолдиради ва навбати билан совутгичга жойлайди. Истеъмолчилар ҳам бунга деярли эътибор бермайди, аслида эса бундай шохобчаларга дуч келганда уларни айланиб ўтиш лозим.

“Соатлаб қуёш остида турган ичимликлар кейин музлаткичда совитилса ҳам таркибидаги зарарли моддалар сақланиб қолаверади. Харидор эса бу маҳсулот илгари қизиб кетганини билмаслиги мумкин. Бу эса бехавотир ичишга сабаб бўлади. Аслида эса пластик идишдаги ичимлик юқори ҳароратда бир марта қизиган бўлса, у токсик бирикмалар билан аллақачон бойиган бўлиши мумкин”, дейди Азизбек Холматов.

Мутахассислар маҳсулотлар айниқса, ичимликларнинг сақланган шароитини билиш имкони мавжуд бўлмагани учун пластик эмас, шиша идишда қадоқланган ичимликларни сотиб олишни тавсия қилади.

Ҳар куни қандай шароитда сақлангани бизга номаълум бўлган турли озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликларни сотиб олишимизга тўғри келади. Баъзида энг синчков харидор ҳам адашиши, аллақачон зарарланган маҳсулотни сотиб олиб, истеъмол қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Бундай пайтда одатда 2-6 соат ичида кишида қорин оғриғи, ич кетиши, қайт қилиш ёки кўнгил айниши, иситма ва бош оғриғи кузатилади. Мутахассисларга кўра, шундай ҳолатларда вақтинча овқатланишдан тийилиш, шифокор маслаҳатисиз ҳеч қандай дори воситаларини қабул қилмаслик, вазият тақозо қилганида эса тез ёрдамга мурожаат қилиш керак.


Мақола муаллифи

Теглар

санитария-гигиена озиқ-овқат инфекциялари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг