“Ботафого” Анчелоттининг ўғлини истеъфога чиқарди

Спорт

image

Бразилиянинг “Ботафого” клуби Давиде Анчелоттининг асосий жамоа бош мураббийи лавозимини тарк этганини расман маълум қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Манбага кўра, Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелоттининг ўғли бўлган Давиде Анчелотти билан ҳамкорлик жорий йилнинг 17 декабрь куни ўтказилган ички йиғилишлардан сўнг якунланган.

Шунингдек, мураббийлар штабидаги жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Лука Герра ҳамда ёрдамчи мураббийлар Луис Тевенет ва Эндрю Манганҳам клубни тарк этган.

“Ботафого” Давиде Анчелоттига жамоани бошқарган давридаги профессионаллиги ва фидойилиги учун миннатдорчилик билдиради ҳамда келажакдаги фаолиятида муваффақиятлар тилайди. Янги мураббийлар штаби яқин вақт ичида эълон қилинади”,  дейилади клуб баёнотида.

“Globo” нашрининг хабар беришича, Анчелоттининг кетишига сабаб мураббийлар штабидаги келишмовчиликлар бўлган. Хусусан, фитнес мураббийи Лука Герра футболчилар орасида мушак жароҳатлари кўпайгани сабабли ишдан бўшатилганидан сўнг Давиде Анчелотти норозилик билдирган. Мутахассис бутун мураббийлар штаби сақлаб қолинган тақдирда клубда қолишини маълум қилган, бироқ раҳбарият бу шартни қабул қилмаган.

Маълумот учун, 2025 йил июнь ойида 36 ёшли Давиде Анчелотти отаси Карло Анчелотти бошчилигидаги Бразилия терма жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида иш бошлаган эди. Орадан бир ой ўтиб, у миллий жамоани тарк этиб, “Ботафого” бош мураббийига айланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бразилия “Ботафого” Давиде Анчелотти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг