BRB Сурхондарёдаги коррупцион ҳолатга изоҳ берди
Жамият
−
06 Декабрь 4449 2 дақиқа
Аввалроқ, “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг (BRB) Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси ходими пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ходим вилоят ҳудудий бошқармасида кредит ажратиш билан боғлиқ бўлмаган лавозимда қисқа муддат фаолият юритган ва жиноий иш қўзғатишга асос бўлган ҳолат банк фаолияти билан боғлиқ эмас. Бу ҳақда банк расмий муносабат берди.
Маълум қилинишича, банк масъул ходимининг кредит маблағларини ажратишда фирибгарлик содир этгани ўрганилган. Аниқланишича, жорий йилнинг сентябрь ойида Термиз шаҳрида бўлиб ўтган мазкур ҳолатда банкнинг собиқ ходими томонидан тадбиркорлик субъектига кредит ажратиш жараёнида гаров таъминотини юқори баҳолатиб бериш билан боғлиқ фирибгарликка йўл қўйилган.
“Ушбу ходим олдин бир нечта ташкилотларда, жумладан, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармасида кредит ажратиш билан боғлиқ бўлмаган лавозимда қисқа муддат фаолият юритгани ва жиноий иш қўзғатишга асос бўлган ҳолат банкимиз фаолияти билан боғлиқ эмаслиги маълум бўлди”, дейилади хабарда.
Банкнинг қўшимча қилишича, бугунги кунда коррупцияга қарши кескин курашиш, салбий ҳолатларнинг олдини олиш, кредитлар ажратиш жараёнларида инсон омилини камайтириш ва рақамлаштириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятининг Хатирчи туманида банк мутахассиси 18,7 гектар ер майдонини 200 млн сўмга пулламоқчи бўлганида қўлга тушганди.