Британия Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишини қўллаб-қувватлади

Жамият

image
Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни бўйича маълумот берди north_east

Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни бўйича маълумот берди

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Президентининг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўруновнинг Лондонга ташрифи ташкил этилди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ташриф давомида Буюк Британия бизнес ва савдо вазирининг ўринбосари Гарет Томас, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ва экспертлар даражасида музокаралар бўлиб ўтган.

“Учрашувларда Британия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг муҳим шерикларидан бири сифатида кўриши ва расмий Тошкент билан ҳар томонлама алоқаларни янада жадаллаштиришдан манфаатдор эканлиги таъкидланди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, томонлар халқаро савдодаги замонавий тенденцияларни муҳокама қилган. Британия томони Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлаши тасдиқлаган.

Шу билан бирга, Британия Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган иқтисодий ўсиш ва ривожланиш дастури орқали Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига техник ёрдамни кенгайтириш, дастур доирасида мутахассисларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг халқаро савдо соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга келишиб олинган.

Маълумот учун, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 1994 йилда ариза топширган ва 2020 йилдан бошлаб ушбу жараёнда фаол ишлашни бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича Покистон ва Таиланд билан икки томонлама музокараларни якунлаганди. 19 декабрь куни Ўзбекистон ва АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёни доирасида икки томонлама бозорларга кириш бўйича музокараларни якунлаш протоколини имзолади. Ҳужжатни Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва АҚШ савдо вакили Кэтрин Тай имзолаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Буюк Британия ЖСТ Азизбек Ўрунов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг