Британияда юзлаб маҳкумлар хатолик туфайли озодликка чиқарилди

Олам

image

Буюк Британияда 2024 йилнинг мартидан 2025 йилнинг мартигача бўлган даврда 260 дан ортиқ маҳкум хатолик билан озод қилинган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 128 фоизга кўп дегани. Бу ҳақда ҳукумат статистикасига таяниб, “Sky News” телеканали хабар берди.

Маълумотларга кўра, хатолик сабаб 233 киши қамоқхонадан, яна 29 нафари суд залидан озод этилган. Бу рақамлар эфиопиялик ноқонуний муҳожир Хадуш Кебатунинг хатолик туфайли озод қилиниши билан боғлиқ жанжал фонида эълон қилинган. Кебату жинсий жиноятлар учун судланган ва унинг озод қилиниши бутун мамлакат бўйлаб жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган.

Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Челмсфорд магистрлар суди Кебатуни 14 ёшли қиз ва бир аёлга тегажоғлик қилгани учун бир йилга қамоқ жазосига ҳукм қилган. Кейинчалик уни депортация қилиш учун Ички ишлар вазирлиги ходимларига топшириш мақсадида қамоқдан озод этилган, бироқ топшириш жараёнида у йўқолиб қолган. Эссекс полицияси маълумотига кўра, Кебату Лондонга қочиб кетган.

Кебату томонидан жорий йилнинг июль ойида содир этилган ва суд томонидан исботланган тегажоғлик ҳолатлари Буюк Британия бўйлаб норозилик намойишларига сабаб бўлган. Намойишчилар ноқонуний муҳожирларни меҳмонхоналарга жойлаштириш амалиётини бекор қилишни талаб қилган. Аслида, бошпана сўровларини кўриб чиқиш жараёнида ноқонуний муҳожирлар махсус марказларда жойлаштирилиши керак, бироқ бундай марказлар сони етарли эмас.

Буюк Британия Ички ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, 2025 йил март ҳолатига мамлакат бўйлаб 210 та меҳмонхонада 32 минг нафар ноқонуний муҳожир жойлаштирилган. “The Times” газетасининг ёзишича, бошпана изловчиларни жойлаштириш ва таъминлаш британиялик солиқ тўловчиларга йилига тахминан 4 миллиард фунт стерлингга тушмоқда. Қироллик ҳукумати 2029 йилгача муҳожирларни меҳмонхоналарга жойлаштириш амалиётидан бутунлай воз кечишга ваъда берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШда 64 ёшли эркак адолатсиз тарзда 43 йил қамоқда ўтирганидан сўнг озодликка чиққач, дарҳол яна ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия қамоқхона маҳкум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг