Бу циркнинг бир қисми бўлишни истамадим – ЎФА собиқ мулозими
Спорт
−
04 Октябрь 11884 2 дақиқа
Ўзбекистон футбол ассоциациясининг (ЎФА) терма жамоалар бўлими собиқ раҳбари Шерзод Эгамбердиев ЎФА миллий терма жамоа бош мураббийлиги учун Фабио Каннаваро билан музокаралар олиб бораётгани фонида кескин баёнот билан чиқди. Бу ҳақда у ўзининг Instagram саҳифасида ёзди.
“Мен учун ушбу жамоадан кетиш жуда оғир ва аламли. Лекин бундай ҳолатлар содир бўлаётганда қолиш мумкин эмас эди. Биз ушбу жамоа билан жуда узоқ йўлни босиб ўтдик. Биз жамоага нисбатан яхшироқ муносабатга лойиқ эдик”, дейди Шерзод Эгамбердиев.
Шунингдек, у ҳозир миллий терма жамоа билан содир бўлаётган воқеаларни циркка ўхшатган.
“Жимгина рози бўлиб, барчасига кўнишим мумкинмиди? Ҳа, мумкин эди. Мукофотлар, АҚШга сафар ва чиройли суратлар учун. Бироқ мен бу жамоани жуда яхши кўраман, мамлакатимизни жуда қадрлайман. Шунинг учун – йўқ. Мен бу циркнинг бир қисми бўлишни истамадим”, дейди у.
Қайд этиш жоиз, Шерзод Эгамбердиев жорий йилнинг 9 сентябрь куни ишдан кетгани ҳақида ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали маълум қилган.
ЎФА раҳбарияти анчадан бери миллий терма жамоага бош мураббий қидирмоқда. Каннавародан олдинроқ Паулу Бенту, Фотиҳ Терим ва Йоахим Лёв номлари ҳам кўриб чиқилган. Бироқ Йоахим Лёв ва Паулу Бенту Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқариш таклифини рад этган.
Ҳозирги кунда МТЖни бошқараётган Тимур Кападзе ҳам CAFA Nations Cup-2025 мусобақаси олдидан матбуот анжуманида ЎФА Жаҳон чемпионатини кўрган, тажрибали мутахассис жамоада иш бошлашини хоҳлаётганини тасдиқлаганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон футбол ассоциацияси терма жамоа мураббийлиги масаласи бўйича Фабио Каннаваро билан оғзаки келишувга эришгани ҳақида хабар берилган эди. Халқаро нашрлар эса 52 ёшли мутахассиснинг маоши мураббийлик харажатларини ҳисобга олган ҳолда йилига тахминан 4 миллион еврони ташкил этишини ёзди.
Мазкур миш-мишлар ортидан ЎФА илк бор миллий терма жамоа мураббийлиги учун Фабио Каннаваро билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақида расмий баёнот берди ва ОАВ вакилларидан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган норасмий ва асоссиз хабарларга таянмасликларини сўради.
Live
Барчаси