Бугун ТДТ раҳбарлари Будапештда учрашади

Жамият

image

Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) давлат раҳбарларининг норасмий саммити бугун, 21 май куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда ташкилот котибияти хабар берди. 

Унга кўра, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан мезбонлик қиладиган саммитда ТДТга аъзо давлатлар – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон президентлари иштирок этади. Бундан ташқари, саммитда кузатувчи давлатларнинг ТДТдаги вакиллари ва ташкилот Бош котиби ҳам иштирок этади. 

Ушбу саммит ТДТ тарихида биринчи марта кузатувчи давлат томонидан ташкил этилмоқда. Қайд этилишича, саммит Венгриянинг туркий давлатлар билан ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришдаги изчил ролини ўзида акс эттиради. 

“Шарқ ва Ғарбнинг учрашув жойи” шиори остида ўтадиган норасмий саммит давлат раҳбарлари учун устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий ва глобал миқёсдаги умумий масалаларни муҳокама қилишда муҳим имконият бўлади. 

Саммит якунида Туркий давлатлар ташкилотининг умумий қарашлари ва стратегик йўналишини тасдиқловчи Будапешт декларацияси қабул қилиниши, қатор муҳим қарор ва ташаббуслар эълон қилиниши кутилмоқда. 

Норасмий саммит арафасида ТДТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши саммит кун тартибини ва давлат раҳбарларига кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларнинг якуний вариантларини тайёрлаш учун Будапештда йиғилади.

Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан Будапештда бўлиб турибди. Кеча, 20 май куни Будапешт шаҳридаги “Кармелита” саройида Президент Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Музокаралар якунида раҳбарлар “Кенгайтирилган стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида”ги қўшма декларацияни имзолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркий давлатлар ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг