Бугун Трамп Си Цзиньпин билан гаплашади
Олам
−
19 Сентябрь 2680 2 дақиқа
Бугун, 19 сентябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитой Раиси Си Цзиньпин билан телефон орқали мулоқот қилади. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Нашрнинг манбаларига таяниб ёзишича, суҳбатнинг асосий мавзулари сифатида тарифлар ва TikTok’нинг АҚШдаги тақдири муҳокама қилинади.
Қайд этилишича, бу суҳбат икки мамлакат ўртасидаги савдо кескинлигини юмшатиши ва TikTok келажагини ҳал этиши мумкин.
“Жума кунги телефон мулоқоти АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Хитой Раиси Си Цзиньпин ўртасида ўтади. Унда TikTok тақдири белгиланиши ва дунёдаги икки энг йирик иқтисодиёт ўртасидаги савдо кескинлиги юмшаши эҳтимоли бор”, дейилади хабарда.
“Bloomberg”нинг қайд этишича, бу икки етакчининг июнь ойидан бери илк мулоқоти бўлади. Шу вақт ичида АҚШ ва Хитой савдо чекловлари сабабли қарама-қаршилик ҳолатида қолган эди.
Шу билан бирга, “The Washington Post”нинг урғулашича, Оқ уй Тайванга 400 миллион долларлик ҳарбий ёрдамни тўхтатган. Бу Хитой билан савдо келишувини тайёрлаш ва АҚШ ҳамда Хитой раҳбарларининг шахсий учрашуви билан боғлиқ.
Бундан ташқари, Трамп Хитой АҚШдан қуролни ёрдам дастурлари доирасида эмас, балки тижорат шартномалари асосида сотишни талаб қилмоқда. Президент Украина учун ҳам шундай схемани қўллаган.
Олдинроқ, АҚШ Молия вазири Скотт Бессент Хитой АҚШ билан TikTok ижтимоий тармоғини сотиш шартлари бўйича келишувга эришганини айтганди. Бессент тафсилотларни ошкор қилишдан бош тортиб, барча маълумотлар жорий йилнинг 19 сентябрь куни Дональд Трамп ва Си Цзиньпин мулоқотида эълон қилинишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Си Цзиньпин билан Жанубий Кореяда 31 октябрь-1 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитида учрашиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Уч нафар АҚШ маъмурияти вакилига кўра, бу борада жиддий муҳокамалар олиб борилмоқда, бироқ аниқ режа ҳозирча йўқ.
Live
Барчаси