Бўстонлиқда юк машинаси устунга урилгани туфайли айрим ҳудудлар “свет”сиз қоляпти
3-саҳифа
−
01 Август 3793 1 дақиқа
Бугун, 1 август куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги юз берган йўл-транспорт ҳодисаси ортидан тумандаги истеъмолчиларга етказиб берилаётган (6,6 МВт) электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ хабар берди.
Қайд этилишича, соат 14:50 да ГЭС-27 энергетика объектидан чиқувчи 110 кВ кучланишли L-Чорбоғ-1 ва L-Чорбоғ-2 110 электр тармоғи фавқулодда ўчган. Дастлабки маълумотларга кўра, линиянинг таянч устунига юк автомобили бориб урилган.

Бунинг ортидан айни пайтда ушбу электр тармоғидан кучланиш олувчи Бўстонлиқ туманининг истеъмолчилари (6,6 МВт): аҳоли хонадонлари, ишлаб чиқариш объектлари, болалар дам олиш оромгоҳлари ва дор йўли (канатка) мажмуасининг электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
“Энергетиклар томонидан содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатлари бартараф этилиб, электр тармоғига кучланиш бериш чоралари кўрилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида Nexia ҳайдовчиси устунга урилиши оқибатида 200 хонадон электрсиз қолганди.
Live
Барчаси