Трамп Марказий осиёдан муҳим қазилмалар оладиган бўлди – C5+1 саммити
Таҳлил
−
07 Ноябрь 5618 11 дақиқа
Марказий Осиё Президентлари АҚШда жам бўлди. Минтақа ва унинг марказидаги Ўзбекистон учун 2025 йил Ғарб давлатлари, жумладан АҚШ билан муносабатларда тарихга кирди. Илк бор C5+1 форматида АҚШ Президенти Марказий Осиё раҳбарларини Оқ уйда қабул қилди. Бу тарихий йиғин форматнинг 10 йиллик юбилейи шарафига ўтказилди. Салкам бир ой олдин икки АҚШ конгрессмени Трампга Марказий Осиё Президентларини Оқ уйга таклиф қилиш, минтақа билан муносабатларни кучайтириб, янги даражага олиб чиқишни сўраб хат ёзганди. Кўп ўтмай Трамп бу сўровни эътиборсиз қолдирмай, 5 давлат етакчисини Вашингтонда қарши олди. Бунгача Марказий Осиё бўйича вакили, Ўзбекистонда туғилган Сержио Горни Ўзбекистон ва Қозоғистонга юбориб, кўплаб масалаларни келишиб олганди.
АҚШ президенти сифатида Жо Байден 2023 йил 19 сентябрда илк марта Марказий Осиё давлат раҳбарлари иштирокида саммит ўтказганди. Аммо бу БМТ сессияси фонида ўтганди. Шу боис навбатдаги йиғин қайсидир сиёсий тадбир арафасида эмас, балки алоҳида ташкиллаштирилган ҳолда Оқ уйда ўтгани боис қолганлардан фарқ қилади.
Маълумки, C5+1 формати 2015 йилда илк бор ташкил этилган. Бу АҚШнинг Марказий Осиёнинг бешта давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорлиги учун кўп томонлама платформа ҳисобланади. Дастлаб фақат Ташқи ишлар вазирлари ўртасида ўтказилган бу йиғинлар Президентлар даражасига чиқиши учун узоқ йиллар керак бўлган. Бундан ташқари, C5+1'нинг АҚШ билан бўладиган йиғинлари Марказий Осиё учун Европа Иттифоқи, Германия, Япония ёки бошқа йирик давлатлар билан ўрнатилган алоқалардек жиддий эмас эди. Ҳозир ҳам кўпчилик бу формат ҳали ҳам Президентлар даражасида Марказий Осиёнинг у ёки бу давлатида ўтмаганига урғу бермоқда. Хитой, Россия ва бошқа кучли ўйинчилар C5+1'ни Марказий Осиёда кўп бор ўтказган. Масалан, ЕИ билан ҳам шу форматдаги илк йиғин жорий йил апрель ойида Самарқандда ўтди.
Шунга қарамай, бундан буёғига АҚШ ва Марказий Осиё ораси олдингидек узоқ бўлмаслиги борасида ишоралар етарлича. АҚШ расмийлари буни Оқ уйдаги учрашув арафасида алоҳида таъкидлади. Трампнинг ўзи ҳам Марказий Осиёнинг салоҳияти жуда катта экани, буни кўпчилик билмаслигини айтди. Сержио Гор ҳам буни бир неча бор урғулади. Шундай қилиб, Марказий Осиё мамлакатларининг яқин дўстлари даврасида энди дунёнинг энг қудратли мамлакати, ер сайёрасининг 100 йиллик яловбардори АҚШ ҳам расман мавжуд.
Мирзиёев ва Тўқаев майдон марказида
АҚШдаги маҳаллий вақт билан 6, Ўзбекистондаги вақт билан эса 7 ноябрь куни Марказий Осиё лидерлари бирин-кетин Оқ уйга ташриф буюрди. Унгача эса Шавкат Мирзиёев ва Қосим Жўмарт Тўқаев анча катта ҳажмдаги келишувларни ҳал қилиб қўйганди. Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон деярли барча соҳа ва индустрия учун муҳим бўлган қатор минераллар бўйича АҚШ билан битимлар тузди. Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев иштирокида Қозоғистон Саноат ва қурилиш вазири Эрсаин Нагаспаев ҳамда АҚШ Савдо вазири Ҳовард Латник икки ўртада критик минераллар борасидаги шартномага имзо чекди.
Шавкат Мирзиёевнинг битимлар доираси эса анча кенг кўриниш олди. Ўзбекистон Президенти Вашингтон шаҳрига амалий ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида АҚШ Экспорт-импорт банки раҳбари Жон Йовановични қабул қилди. Бу банк ҳукуматнинг расмий экспорт-кредит агентлиги бўлиб, АҚШ компанияларининг ташқи иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлайди ҳамда уларга суғурта, кафолат ва кредит воситаларини тақдим этади. Ушбу нуфузли институт билан тайёрланган қўшма дастур асосида энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, АТ ва бошқа устувор йўналишлардаги йирик лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилгани маълум қилинди. Учрашув якунида Ўзбекистон раҳбари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда АҚШ Эксимбанки ўртасида имзоланган қўшма лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисидаги битим алмашилди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ишбилармонлик дастури доирасида АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси бош директори Бен Блекни ҳам қабул қилди. Маълумот учун, бу корпарация АҚШнинг миллий ривожланиш институти бўлиб, ривожланаётган мамлакатларда инфратузилма ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш учун хусусий капитални сафарбар қилиш билан шуғулланади. Учрашувда олий даражадаги фаол мулоқотлар ва савдо-инвестициявий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Билдирилишича, энергетика, муҳим минераллар, молия, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва АТ соҳаларида йирик қўшма ташаббуслар ишлаб чиқилмоқда. Ушбу учрашувнинг ҳозиргача аниқ натижаларидан бири бу Тошкент шаҳрида мазкур корпорациянинг минтақавий офисини очиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриб чиқилгани бўлди. Ҳа, Эксим банк каби катта нуфузга эга молиявий институт ва АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпарацияси раҳбарларининг Ўзбекистон Президенти билан учрашуви АҚШ Ўзбекистонга кейинги йилларда жиддий сармоялар ётқизиши ва иқтисодий ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқишига ишора қилмоқда.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Вашингтонда АҚШ расмийлари орасидан Савдо вазири Ховард Латник билан музокара ўтказди. Унда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми 4 баробар кўпайиб, қарийб 1 миллиард долларга етди. Ўзбекистонда АҚШнинг 300 дан ортиқ компанияси муваффақиятли фаолият юритмоқда, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва инновация соҳаларида қатор йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани маълум қилинди. Учрашув натижаси ўлароқ АҚШдан Ўзбекистонга соя ва пахта етказиб бериш, шунингдек, Американинг илғор томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича дастлабки шартномалар тузилганини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.
Вашингтон шаҳрига амалий ташрифнинг ишбилармонлик дастури якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШнинг етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва молия институтлари вакиллари ўтказган учрашуви кенг қамровли бўлди. Ушбу тадбирда АҚШ савдо вазири Ховард Латник, Президентнинг махсус ёрдамчиси Рикки Гил, Президентнинг махсус вакили Паоло Замполли, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Стивен Ваден, шунингдек, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раҳбарлари, “McKinsey”, “Meta”, “Google”, “Amazon”, “Boeing”, “Air Products” каби ўнлаб йирик корпорация ва компанияларнинг юқори даражадаги менежерлари иштирок этди. АҚШнинг “Google”, “Meta”, “NVIDIA” компаниялари билан рақамли ҳамкорлик кенгаймоқда. Apple Pay ва Google Pay тўлов тизимларини жорий этиш, Рақамли академия ва стартап-хаблар тармоғини яратиш шулар жумласидан. Бундай лойиҳаларни илгари суриш ва молиявий қўллаб-қувватлаш учун юқорида номлари қайд этилган икки гигант DFC корпорацияси ҳамда АҚШ Эксимбанки жалб қилиниши айтилди. Якунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ компанияларининг инвестиция ташаббусларини шахсан қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириб, Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун ишончли ҳамкор ва муваффақият кафолати бўлиб қолишини таъкидлади.
Ўзбекистон ҳам Қозоғистон каби айрим муҳим минераллар борасида АҚШ билан ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон ва АҚШ уран, мис, вольфрам, молибден ва графит қазиб олиш ҳамда чуқур қайта ишлашни ривожлантириши айтилди. Бу режа доирасида ишончли етказиб бериш занжирларини яратиш ва АҚШнинг илғор қайта ишлаш технологияларини жорий этиш йўлга қўйилади.
Муҳим минераллар нима ўзи?
Трамп иккинчи бор ҳокимият тепасига келганидан буён уни энг кўп қизиқтирган нарсалардан бири бу – критик минераллардир. У бу учун ҳатто Украинани ҳам АҚШдан қарздор қилиб, ярим триллонга яқин ҳали мавжудлиги аниқ бўлмаган нодир ер металларини салкам ўзиники қилди. Жорий йил бошида Трамп ва Зеленский ўртасида содир бўлган жуда катта шов-шувли жанжалнинг асл сабаби ҳам Украина раҳбарининг бу келишувни имзолашдан бош тортгани эди. Албатта, технологик асрда критик минералларнинг қадри сув ва ҳаводек. Улар ер юзида нодир ҳисобланиб, таъминоти жуда беқарор ҳамда иқтисодиёт, саноат ва технология учун жуда муҳим қазилмалар ҳисобланади. Содда қилиб айтганда, муҳим минераллар мамлакат ривожланиши учун зарур, аммо уларни топиш ёки импорт қилиш доим стратегик муаммо бўлиб келган. Уларсиз телефон, компьютер, электромобиль, қуёш панели, ҳатто ҳарбий техникалар ишлаб чиқариш ҳам тўхтаб қолади. Чунки критик минералларнинг альтервативи мавжуд эмас ва уларни бошқа модда билан алмаштириб бўлмайди.
Масалан, уларнинг сафига кирувчи Литий электр транспорт воситалари ва аккумуляторлар учун, Кобальт аккумуляторлар ва юқори ҳароратга чидамли қотишмалар учун, Никел зангламайдиган пўлат ва батареялар ишлаб чиқариш учун, Графит батареялар ва электродлар учун, нодир ер элементлари – неодим, диспрозий, иттрий ва бошқалар магнитлар, лазерлар, оптика ва ҳарбий технологиялар учун, Вольфрам ҳарбий техника, кесувчи асбоблар ва саноат учун, Молибден – пўлат мустаҳкамлиги учун, Ванадий – энергия сақлаш тизимлари ва пўлат қотишмалари учун, Уран эса ядро энергетикаси учун ўта муҳим ва алмаштириб бўлмайдиган унсур ҳисобланади. Шундай экан критик минераллар инсониятнинг бугунги кундалик ҳаёти учун сув ва ҳаводек зарур. Қаерга қараманг, уларнинг иштирокида бунёд бўлган ва ихтиро қилинган техникага кўзингиз тушади. Улар ҳаётимизни ўз иштироки орқали назорат қилади, десак ҳам муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон ҳудудида эса мис, вольфрам, молибден, уран, никел, литий ва нодир ер элементлари каби критик минераллар мавжуд. Уларни ўзлаштириш мамлакатнинг саноат мустақиллиги ва энергетика хавфсизлиги учун жуда муҳимдир. Ва Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи бунда Ўзбекистон манфаатлари учун айни муддаодир.
Мирзиёев ва Трамп бир-бирига жуда яқин
Сўнгги пайтларда Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп ўртасидаги муносабатлар ўзининг энг юқори чўққисига чиққан. Ўзбекистон Президенти 2 ой ичида Трамп билан 2 мартта учрашди. Буниси мамлакат тарихида ҳеч қачон кузатилмаган. Тўғри, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ҳам ўз вақтида АҚШ учун жуда яқин ҳамкор бўлган. 2001 йилда АҚШда содир бўлган мудҳиш терактдан сўнг, Тошкент ва Вашингтон ўрасида қил ҳам сиғмайдиган яқинлик вужудга келган. Икки давлат терроризмга қарши биргаликда курашиш рамзи бўлган Хонободдаги база Каримов ва Бушни бир-бирига жипслаштирган. Ҳатто 2002 йилдан АҚШнинг ўша пайтдаги раҳбари кичик Жорж Буш Каримовни глобал лидер деган унвон билан ҳам тақдирлаган. Аммо кейинчалик воқеалар ривожи қандай йўналиш олгани ва АҚШ-Ўзбекистон алоқаларидаги жуда чуқур инқироз ҳамда уларнинг сабабларидан кўпчилкнинг хабари бор.
Бироқ бугун ҳаммаси жойида экани Шавкат Мирзиёевнинг Дональд Трамп билан жуда яқин алоқаларида ўз аксини топмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат 6 ноябрь куни Вашингтон шаҳрига амалий ташрифи доирасида Оқ уйда Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трамп билан учрашув ўтказди. Шавкат Мирзиёев дастлаб Оқ уйнинг Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирди. Сўнг Овал кабинетда етакчилар музокара ўтказди. Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқилди. Ўзбекистон раҳбари Дональд Трампни ички ва ташқи сиёсатдаги юксак муваффақиятлари билан самимий табриклади. Унинг ўткир халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этиш борасида қўшаётган шахсий ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди. Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев АҚШ етакчисини ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.
МО Президентларининг Трамп билан кечган асосий умумий учрашувига ҳам алоҳида тўхталадиган бўлсак, учрашув айлана стол атрофида эмас, балки бир-бирга қарама-қарши ўтирган ҳолда ўтказилди. АҚШ томонда Доналд Трамп, Давлат котиби Марко Рубио, вице-президент Жеймс Дэвид Вэнс, Молия вазири Скотт Бессент ва бошқа расмийлар, иккинчи томонда эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Tўқаев, Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Туркманистон раҳбари Сердар Бердимуҳаммедов ҳамда ушбу беш мамлакатнинг Ташқи ишлар вазирлари ўрин олди. Учрашувни Дональд Трамп очиб берди. У МОни сайёрадаги энг муҳим минтақалардан бири экани ва ушбу беш давлатнинг салоҳияти жуда юқорилигини таъкидлади. Шундан сўнг, минтақа етакчилари ҳам бирин кетин нутқ сўзлади. Улар асосан таклиф учун Трампга раҳмат айтиб, унинг 8 та урушни тўхтатганини олқишлади. Умумий учрашувдаги энг эсда қоларли вазиятлардан бири бу – Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев нутқ сўзлаётган пайтда Трампнинг Шавкат Мирзиёевга кўз қисиб қўйгани бўлди. Бу ҳам икки еткачи ўртасидаги муносбатлар жуда яқин экани ва улар бир-бири билан анча яхши тил топишишидан далолат десак ҳам бўлади.
Шундай қилиб, якунда келгуси уч йил ичида Ўзбекистон Американинг муҳим минераллар, авиация, автомобиль бутловчи қисмлари, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва кимё, ахборот технологиялари ва бошқа муҳим тармоқларига қарийб 35 миллиард доллар, ундан кейинги ўн йилда эса 100 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритиши ва турли харидларни амалга ошириши маълум бўлди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев C5+1 форматининг умумий йиғинида айтган бўлса, Трамп мазкур сармоя ҳақида ўзига тегишли ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги мисли кўрилмаган савдо-иқтисодий келишувни эълон қилишдан мамнунман. Мен Ўзбекистоннинг юксак ҳурматли Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман. Мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ муддатли ва самарали муносабатларни интизорлик билан кутамиз!” дейди Трамп.
Шавкат Мирзиёев C5+1'нинг кейинги учрашувини дунёнинг сиёсий марказларидан бирига айланиб улгурган ва бу борада ўз ўрнини янада мустаҳкамлаган Самарқандда ўтказишни таклиф қилди. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Марказий Осиё лидерларининг Оқ уйга ташрифида глобал аҳамиятга эга бўлган яна бир воқелик юз берди. Бу Қозоғистоннинг Иброҳим келишувларига қўшилишга розилик берганидир. Тўқаев Трамп билан учрашувда унинг ёнида Тель-Авивга сим қоқиб, Нетаньяху билан гаплашгани маълум бўлди. Биламизки, Иброҳим келишувлари Исроил билан алоқаларни энг юқори даражага олиб чиқишни ўз ичига олувчи ҳужжат бўлиб, бу яҳудий давлатини тан олиниши билан чекланиб қолмасдан, деярли ҳар бир соҳада Исроил билан чуқур ҳамкорликни йўлга қўйишдир. Бу ҳақда эса кейинги кўрсатувларимизда батафсил тўхталамиз.
Live
Барчаси